Берунийнинг минг йил аввал йўқолган глобуси қайта тикланди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг энг асосий миссияларидан бири бу йўқолган меросни қайтаришдир. Бизгача етиб келмаган Беруний глобусини қайта тиклаш ана шу вазифанинг амалий ифодаси бўлди.

Айтиш мумкинки, шу кунларда Берунийнинг йўқолган мероси Ислом цивилизацияси марказида илмий асосда қайта тикланди.

Сир эмас, инсон тафаккури тараққиётида Ер шаклини англаш ва уни илмий асосда тасвирлаш цивилизация тарихида муҳим бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Бу йўналишда жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлардан бири Абу Райҳон Берунийдир. Унинг география, астрономия ва математика соҳаларидаги илмий мероси бугунги кунда ҳам инсоният учун қимматли илмий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумки, Беруний 995 йилда Хоразмнинг йирик илмий-маърифий марказларидан бири бўлган Кат шаҳрида яшаган даврида глобус яратган. Бу иш нафақат Шарқ, балки бутун жаҳон картографияси тарихида улкан илмий ютуқ сифатида баҳоланади. Чунки Беруний ясаган глобус назарий тасаввур эмас, балки аниқ ҳисоб-китоблар, геодезия ва астрономияга оид маълумотлар асосида ишлаб чиқилган амалий илмий асбоб эди.

Қадимги дунёда Ернинг шарсимонлиги ҳақидаги илк илмий тасаввурлар юнон олими Клавдий Птолемей асарларида учрайди. Кейинчалик XV асрда Мартин Бехайм томонидан Европада глобус яратилган. Бироқ Берунийнинг устун жиҳати шундаки, у бу илмий анъаналарни чуқур таҳлил қилиб, ўз даври учун мутлақо янги — математик география тамойиллари асосида диаметри тахминан 5 метрга яқин бўлган глобус яратишга муваффақ бўлган. Афсуски, бу ноёб илмий асбоб бизгача етиб келмаган.

Абу Райҳон Беруний Ернинг шарсимон эканини ўз асарларида бир неча бор очиқ ва равшан баён қилади ҳамда буни илмий далиллар билан исботлайди. Хусусан, у “Ҳиндистон” асарида шундай ёзади: “Кечаси қуёш кўринмай қолишининг сабаби унинг Ердан узоқлашиб кетишидан эмас. У Ернинг думалоқлиги туфайли бизга кўринмай қолишида…”.

Олим “Қонуни Масъудий” асарида эса Ернинг умумий шакли шарга ўхшаш эканини, тоғлар ва ботиқлар эса бутун Ерга нисбатан жуда кичик эканини қиёсий мисоллар орқали тушунтиради. Унинг таъкидлашича, агар Ер мутлақо текис бўлганида, табиий мувозанат бузилиб, бутун қуруқликни сув босган бўлар эди.

Беруний глобус ясашдан аниқ илмий мақсад кўзлаган. У глобусга географик объектларни жойлаштириб, аҳоли масканлари орасидаги масофалар асосида географик узунлик ва кенгликларни ҳисоблашни режалаштирган. Бу ҳақда у “Геодезия” асарида шундай ёзади:

   “Мен Птолемейнинг «География» асарини ва Шарқ олимларининг ишларини қиёслаб ўргандим… Масофаларни саёҳатчиларнинг маълумотлари асосида аниқладим, маълумотларни қиёслаб текширдим. Бу мақсад учун кучни ҳам, пулни ҳам аямадим”.

Ана шу тарихий мерос бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида амалий мазмун касб этмоқда. Марказда Беруний илмий меросига асосланган ҳолда унинг глобуси қайта тикланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, профессор Баҳром Абдуҳалимов шундай дейди:

- Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг кўп минг йиллик бой тарихини ягона концепция асосида намоён этаётган ноёб мажмуа ҳисобланади. Беруний асарларида ўз даврида мавжуд бўлган 600 га яқин шаҳарнинг координаталари келтирилган. Бугун хорижий ҳамкорлар билан биргаликда шу маълумотлар асосида Беруний глобуси қайта тикланиб, унга 150 та шаҳар жойлаштирилди. Бу — бизгача етиб келмаган буюк илмий меросни қайта ҳаётга қайтаришдир.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўз моҳиятига кўра дунёда аналоги йўқ илмий-маърифий макон сифатида шаклланмоқда. Марказда намойиш этилаётган Беруний глобуси нафақат буюк алломанинг илмий меросини, балки ўзбек заминидан етишиб чиққан мутафаккирларнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётида тутган ўрнини яққол намоён этади. Бу эса, айниқса, ёш авлодни ўз халқининг буюк тарихи билан фахрланишга ва улуғ илмий анъаналарга муносиб бўлиш руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Рустам ЖАББОРОВ.