Бойқўнғирдаги ракеталар парвози Ўзбекистон об-ҳавосига таъсир қиладими?
Республика Гидрометеорология хизмати маркази Бойқўнғирда амалга ошириладиган ракета парвозлари Ўзбекистон об-ҳавосига таъсир қиладими деган тахминларга ойдинлик киритди.
"Ушбу фикр тарафдорлари об-ҳаво ўзгаришлари ракета парвозлари билан тўғри келгани тўғрисида кўп мисоллар келтириши мумкин. Бироқ ҳеч қандай парвоз бўлмаса-да, об-ҳаво кескин ўзгаргани ёки аксинча, ракета парвозлари метеорологик вазиятга ҳеч қандай таъсир кўрсатмагани тўғрисида индамайдилар.
Шубҳасиз, ракета-космик техникадан фойдаланиш табиий муҳитга таъсир кўрсатади ва инсоният олдига ана шу таъсирни ўрганиш бўйича маълум вазифаларни қўяди. Экологлар, биологлар, тиббиёт ходимлари ўз соҳалари бўйича муаммони ўрганмоқда. Айниқса, ракета қисмлари ерга тушадиган ҳудудларда кўп тадқиқотлар ўтказилади. Бу тадқиқотлар космик фаолиятнинг атроф-муҳитга сезиларли салбий таъсирини аниқламади. Шундай бўлса-да, бу борада аниқ бир хулоса қилиш учун материаллар етарли эмас.
Бироқ олимлар об-ҳаво шароитларининг шаклланиши учун “жавобгар” бўлган глобал атмосфера жараёнларига, шунингдек, иқлим ўзгаришларига ракета ташувчилар парвози таъсир кўрсатмаслиги тўғрисида якдилдир. Фақат булутлар, туман, музликлар ёки қор қопламига сунъий таъсир этиш мақсадида амалга ошириладиган парвозлар бундан мустасно.
Ракеталар парвозининг атмосферага таъсир этиш кўламини об-ҳаво ўзгаришларига сабаб бўладиган синоптик объектлар кўлами билан солиштириб бўлмайди. Агар космик парвозларни об-ҳаво нуқтаи назаридан муҳокама қиладиган бўлсак, бунда авваламбор сунъий йўлдошлар ёрдамида олинадиган бебаҳо метеорологик маълумот тўғрисида гапириш керак", дейилган Ўзгидромет хабарида.