Бу йил ёзги оромгоҳлар 21 минг нафардан ортиқ болани қабул қилади

Жорий йил ёз мавсумида вилоятимиздаги оромгоҳларда 21 минг 130 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган. Мавсумга оромгоҳларни тайёрлаш, болаларнинг сифатли соғломлаштирилиши ва дам олишини ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланган.

Унга кўра, 9 630 нафар бола Самарқанд шаҳридан ташқарида жойлашган туманларнинг олис қишлоқларидаги 20 та оромгоҳга юборилади. 11 500 нафари кундузги оромгоҳларга жалб этилади.

Шунингдек, санитария қоидалари ва талаблари асосида барча шароит ва қулайликка эга бўлган таълим муассасаларида ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда “Соғломлаштириш майдончалари” ташкил этилади.

Оромгоҳларда болажонлар учун кўнгилочар маданий ва спорт тадбирлари ўтказилади. Инглиз тили мутахассислиги бўйича ўқиётган иқтидорли талабалар оромгоҳларга имтиёзли шартларда қабул қилинади. Энг муҳими, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари оромгоҳларга бепул жолаштирилади.

Бу йилги мавсумга тажрибали тарбиячи, етакчи ва тўгарак раҳбарлари юборилади. Оромгоҳларда кўчма кутубхона фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, ташкилотлар билан ҳамкорликда мактабдан ташқари таълим мусссасаларида, спорт мактабларида, ахборот-ресурс марказларида оромгоҳларга жалб этилмаган болаларнинг бўш вақтлари ҳам мазмунли ташкил этилиши режалаштирилди.

Дам олиш мавсумининг бошланиши ва оромгоҳларга қабул коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳамда бу борада республика, вилоят комиссияларининг хулосалари асосида амалга оширилади.

Ҳусан Элтоев.