Бу йилги абитуриентлар кўрсаткичи мақташга арзийдими?

Бу йил давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилди. Ўтган йилдан бошлаб абитуриентлар тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнгра профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиняпти.

2025-2026 ўқув йили учун давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига 671 397 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан анча кам, яъни 2024-2025 ўқув йилида 894 279 нафар абитуриент рўйхатдан ўтганди. Негадир йилдан йилга давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришни истовчи абитуриентлар сони камайиб кетяпти.  

Жорий йилда давлат олий таълим муассасаларига 203 537 та квота ажратилди. Бу рақам ҳар уч нафар абитуриентдан биттаси талаба бўлиши мумкинлигини англатади. Қолган абитуриентлар учун республикамизда хусусий олийгоҳлар ҳам фаолият олиб бормоқда.

Шуниси қувонарлики, жорий йилда 678 нафар абитуриент фанлар мажмуасига мос миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлгани сабабли тест синовларидан озод қилинди. Фақат уларга тест синовлари якунлангач, қабулнинг иккинчи босқичида қатнашишга рухсат берилди. Яъни сертификати бор абитуриентларга олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши, таълим шакли ва танлов устуворлигини танлаш орқали ўқишга қабул қилиш имконияти берилди.

Тест синовлари жараёнида абитуриентларнинг тўплаган баллари имтиҳоннинг эртаси куни эълон қилиб борилди. Имтиҳон тугагач, абитуриентларнинг 826 нафари энг юқори 189 балл тўплагани маълум бўлди. Бундай кўрсаткич яқин йилларда кузатилмаганди. Таълимга берилаётган эътибор ёшларнинг билимида акс этаётгани қувонарли, албатта. 

Битирувчиларнинг умумий ўртача бали 81,7 бални ташкил қилди

Ўтган йили 345 минг абитуриент тест синовларида 56,7 балл ҳам тўплай олмаганди. Бу жами абитуриентнинг 46,9 фоизига тўғри келганди. Хўш, бу йилги кўрсаткичлар қандай?

Билимларни баҳолаш агентлиги жорий йилда абитуриентлар тўплаган натижалар бўйича статистикаларни эълон қилди.

Ҳудудлар кесимида ўртача балл бўйича энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятида қайд этилган — 89,5 балл. Кейинги ўринларни Тошкент шаҳри (82,8) ҳамда Навоий вилояти (80,4) эгаллаган.

Энг қуйи поғонадан эса Жиззах (73,3), Сурхондарё (71,7) ҳамда Андижон (70,9) жой олган.

Бу йил республика бўйича ўртача балл 76,9 бални ташкил қилмоқда. Самарқанд вилояти ёшларининг ўртача бали республиканикидан ҳам паст, яъни 75,8 балл тўплаган.  

Ўз навбатида, жорий йилги битирувчиларнинг ўртача баллари барча ҳудудларда нисбатан баландроқ бўлгани билан аҳамиятлидир. Жорий йилги битирувчиларнинг умумий ўртача бали 81,7 бални ташкил қилмоқда.

41,29 фоиз абитуриент 56,7 балл ҳам тўплай олмаган

Абитуриентларнинг 253 минг 844 нафари, яъни 41,29 фоизи 56,7 бални (максимал балнинг 30 фоизи) ҳам тўплай олмаган. Бу ҳақда блогер Хушнудбек Худойбердиев шундай ёзмоқда:

- Ўтган йилги ҳолат билан солиштирганда аҳволимиз 6 фоизга яхшиланибди. Умуман олганда йилдан йилга яхши томонга ўзгариш бор, кўз тегмасин. Масалан, 2022 йилда 51,2 фоиз абитуриент 56,7 балдан камроқ балл тўплаган эди. 2023 йилда 8 та ҳудудда, 2024 йилда эса 4 та ҳудудда абитуриентларнинг 50 фоиздан кўпроғи 56,7 балдан паст балл олган эди. Жорий йилда биронта ҳудудда бундай салбий кўрсаткич қайд этилмаган. Ўтган йилгига қараганда натижаси ёмонлашган биронта ҳудуд йўқ. Ҳаммасида ўсиш бор.

Дарҳақиқат, таълимга эътибор бугун кечагидан анча яхши. Ота-оналар ҳам фарзандини яхши ўқиши учун барча шарт-шароитлар яратиб беряпти, мактаб таълимидан сўнг қўшимча дарсларга ўқитяпти. Бунинг натижаси йилдан йилга сезиляпти. Таълимга эътиборни янада кучайтирсак, яқин йилларда имтиҳонда паст балл оладиган абитуриентлар деярли қолмайди. 
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.