Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун бизнинг байрам, лекин хизмат эсдан чиқмаяптими?!

Одатда бугунгидек байрам кунларида аёллар турмуш ўртоғига ҳар кунгидан ўзгача хизмат қилади. Буни бошқача тушунадиган эркаклар аёлининг ҳурматини жойига қўйиш ўрнига қўпол муомалада бўлишига кўпчилик гувоҳ бўлган. Аммо шу нарса аниқки, эркак кишининг жуфти ҳалоли олдида ҳам айрим бурчлари бор...

Аллоҳ аёлига нисбатан эркакнинг жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оилада раҳбар бўлишга мос қилиб яратган. Эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга бош бўлиш вазифасини юклаб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларни айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).

“Эрнинг аёли олдидаги вазифаси еганида уни ҳам едириши, кийинганида кийинтирмоғи, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда фақат ўрнини бошқа қилиб ётмоқлик”, дейилган Ҳадиси шарифда.

Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дархақиқат, эркакнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир.

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқда. Баъзи эркаклар ўз жуфти ҳалолларини ҳақорат қилиш ёки уларни аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-кўйга чиқариб, ҳатто мардикорликка боришликка мажбур қилмоқда. Бу эса эр ўз вазифасини адо этолмаганидан бўлиб, оқибатда оиланинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳузурига бир аёл эрини етаклаб келиб: “Эй амирул-мўминийн! Бу киши менинг эрим бўлади, турмуш қурганимизга уч ой бўлди, мен тотув яшашга кўп ҳаракат қилдим, лекин эримни рағбати бўлмади, вазифаларини бажармаяпти, мен бу эр билан ажрашаман”, - деди.

Ҳазрати Умар эридан сўради: “Сен нима дейсан?”.

Эр: “Мени ҳеч қандай шикоятим йўқ, лекин ажрашмайман”, - деди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эрнинг кийим-боши, рангу рўйига қараб сабабини тушунди ва аёлга: “Сен ҳозир уйингга кетгин ва бир оздан кейин келгин, унгача биз эринг билан суҳбатлашиб оламиз”, деди.

Аёл кетгандан кейин Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу одамни ҳаммомга олиб бориб ювинтириш, тоза кийимларни кийгизишни буюрди. Эрни ювинтиришиб, тоза кўйлакларни кийинтириб қўйишди. Бу орада аёл кириб келди, эрининг покизалигини ва тоза либосларни устида кўриб ажрашиш аҳдини ҳам унутиб, эрини олиб уйга кетди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу одамларга: “Аёлингиз сизларни чиройли кутиб олишни севганингиз каби аёлларингиз ҳам сизларни тоза ва покиза юришингизни ҳоҳлайди”, деди.

Дарҳақиқат, Ислом дини аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни энг яхши инсонлар қаторига қўшади.