Темурийлар даври ренессанси: фан, таълим ва маданият тараққиёти”
Самарқанд давлат педагогика институтида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати шу мавзуда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Германия ва Хитойдаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари профессор-ўқитувчилари, тарихчи олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Конференция давомида иштирокчилар буюк жаҳонгирнинг фаолияти, кучли марказлашган давлат барпо этиш йўлидаги ҳарбий салоҳияти, сиёсий ва иқтисодий тафаккури ҳақида маърузалар қилди. Самарқанд ва бошқа шаҳарларда бунёд этилган мадрасалар, бу муассасаларда ўз даврининг етук олимлари сабоқ бергани, Соҳибқирон дунёнинг турли ўлкаларидан нафақат уста ва ҳунармандлар, балки илм аҳлини ҳам ўз мамлакатига чорлаб уларга қўллаб-қувватлагани ҳақида тарихий манбаалар асосида сўз юритилди.
– Темурийлар давлати заифлаша бошлаган давр (ХV аср охири – ХVI аср бошлари)да минтақада юзага келган сиёсий бўшлиқ, ҳокимият учун кескин курашлар янги сулолаларнинг саҳнага чиқишига сабаб бўлган, – дейди Туркиянинг туркшунослик тадқиқотлари институти профессори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тарих институти илмий ходими Шафоаддин Дениз. – Мисол учун, Темурийлар, Шайбонийлар ва Сафавийлар ўртасидаги сиёсий рақобат нафақат ҳудудий ҳукмронлик учун кураш, балки маданий ва мафкуравий таъсир доираларини белгилаш учун ҳам муҳим аҳамият касб этган. Бу жараёнлар Марказий Осиё тарихида янги босқични бошлаб берган. Шу билан бирга, бу даврда илм-фан ва маданий ҳаёт тўхтаб қолмаган. Аксинча, ҳукмдорлар ўз нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида олимлар, шоирлар ва меъморларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилган.
Анжуман якунида Темурийлар даври меросини чуқур ўрганиш, уни замонавий таълим тизимига интеграция қилиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш юзасидан тавиялар ишлаб чиқилди.
Фазлиддин Рўзибоев.