Бугун Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган кун: Эҳтиёжи миллат
Таниқли драматург, публицист, жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йил 19 январда Самарқандда туғилган.
1919 йил баҳорда Шаҳрисабзда Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олиниб, Қаршида зиндонга ташланади ва қатл қилинади.
Қуйида М.Беҳбудийнинг 1913 йил, 12 июлда «Самарқанд» газетасида чоп этилган “Эҳтиёжи миллат” мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
***
Бошқа миллатларга қаралса, кўрилурки мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанида бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур.
50 сана муқаддамги замонда биз, туркистонлилар якка ва танҳо яшаб, бошқалар ила муомала ва муносабатимиз йўқ эди. Энди замон ўзгариб, бошқа миллатлар ила махлут бўлдук, шариъат ва ўз урфимиз устига қонун ва Оврўпо одатига итоат қилмоққа мажбурмиз.
Аммо қонун ва Оврўпо одатларини билмаганимиз учун бойимиз бўлсун, қози ва миллий ҳукамомиз ва аҳолимиз бўлсун, кўп ташвиш ва зарар кўрар. Замони собиқда фақат шариъат билмоқ кифоя этарди. Энди қонун ва закўнни билмоқ ҳам лозимдур. Шариъат илми мадрасаларга, қонун илми Русия дорилфунунларига ўқилур. Дорилфунунга кирмоқ учун, аввало, ўн сана гимназияга ўқумоқ керак. Сўнгра тўрт сана дорилфунун ўқуб, андан ҳуқуқшунос, юрист, таъбир жоиз бўлса, замона фақиҳи бўлиб чиқар. Суд маҳкамаларинда, давлат доираларинда кириб, ҳар ҳуқуқшунос ўз муваккили ва ўз миллати ва ўз тойифаси ва ўз ватани ва ўз давлатининг нафъига сўйлашур, мудофаа қилур.
Масалан, давлат думасинда биз Туркистон мусулмонларидан шундай ҳуқуқшунос вакил бўлса, бизни дин ва миллатимиз нафъига ҳаракат қилур. Аммо шундай одам бизда йўқ. Давлат думаси нари турсин, судга ва расмий маҳкамаларга кириб, бизни мудофаа қиладурғон кишимиз йўқ. Бошимиз оғриса дўқтурга борамиз. Аммо дардимизни айтмоқга тил йўқ. Ўзимиздан дўқтур йўқ.
Иккимиз бир-биримиз ила низо қиламиз. Кетамиз закўнчига, аммо сўзламоққа тил йўқ. Орадаги одамлар яна бизга фириб берар, пул берармиз, югурармиз, яна ишлар барбод, охири йўқ.
Иморат қилмоқчи бўлсак, плон-лойиҳаси лозимки, инженерга муҳтож бўлармиз. Аммо биз ҳануз «муҳандис» исмини билмаймиз.
Контур ва расмий дафтар тутиб, касса қуриб тижорат этмоқ лозим. Илм тижорат била турган бухгалтерик ҳисоби юритадурғон бойларимизга керак, ул ҳам ўзимиздан бир нафар топилмайдур.
Ҳаммолликдан бу ишлар яхши бўлса керак. Бир неча бойваччани биларманки, энг қаттиқ хизматларга гирифтор. Сабаби надур – илмсизлик. Ҳолбуки, аларни «тўй»га атоси 5 минг сўм сарф этиб эди.
Туркистон меваси, донаси, тоши, туфроғи, эски нимарсалари Оврўпо бозорига кетар. Муни Оврўпо даллоллари келиб оз баҳога олиб кетар, меҳнатни биз қилурмиз, фойдани улар кўрур. Ўз нимарсамизни Оврўпо бозорига элтиб, яхши баҳога сотатурғон бизда бир одам йўқ. Азбаски, Оврўпо ила савдо қилатурғон киши (ўзи) аввал ўн сана илми ўқумоғи лозим.
Бизда шоҳи, адрас, беқасам, алоча… бофликлар бор. Агарда бир нафар техник ва муҳандисимиз бўлса бу даргоҳларни ислоҳ этар, аҳоли обод бўлур. Валлоҳ, яқин вақтда «дока» бофилларимиздек зоеъ бўлуб кетар. Чунки Оврўпо янги асбоб ила мундин яхши қилиб чиқарур.
30 сана муқаддам Самарқандни Ёмини маҳалласинда 300 алочабоф ишчи бор эди. Ал-он 30 нафар йўқ. 10 сана сўнгра тамоман маҳв бўлур.
Хулоса, мактабимиз, дўконимиз, корхонамиз, мадрасамиз ва ҳар нимарсамизни замонча ислоҳи лозимдур. Валлоҳ, ҳар нимарса қўлдан кетар, бизда муздурликдан бошқа ҳеч иш қолмас. Бир ускуна, дўкон ва саройни ишлатмоқга ҳам илми замоний ва замона шумлигини билатурғонларга мулк ва асбобимиз ўтар ва ўтуб турубдур.
Қисқа қилайлик, бошқа миллатларни бойлари фақир ва етимлар учун мактаб ва дорилфунунлар соладурлар, фақир ва етимларни ўқумоғи учун вақф «истепиндия»лар таъйин қилур. Бошқа миллат миллиўнерлари мактаби ила истепендияси-ла, идора қилатурғон газет ва мажалласи-ла, бино қилган доруложизин, барпо қилган жамъияти хайрияси-ла фахр қиладур.
Бизникилар жуфт оти-ла, аробаси-ла, тўйи ила ва…ла фахр этар. Ҳатто, ўз ўғилларини ўқутмайдурғон бойлар бордур. Бу кетишнинг охири ямондур, ўқумоқ, ўқутмоқ керакдур. Болаларга оталардан илми диний ва илми замонавий мерос қолсун.
Бутун Туркистондан ўн бой йилинда минг сўмдан берса, 25 бола учун Тошканда «диний ва замонавий» бир «пансиун» лайли ва наҳори 5 мукаммал мактаб бино бўлуб, ҳар йил ҳукумат мактабинда 50 бола тайёрлайдур. Ўн йилда булардин… 200 муҳандис, дўқтур, ҳуқуқшунос, муаллим, техник, замона тожири, валлоҳ… чиқар ва бизни замон одамлари қаторида қўярлар ва давлат ишига кирарлар. Руслар ила бизни ҳасан имтизожларимизга хизмат қиладурлар.
Ал-он миллатимиз бойлардан шуни кўз тутар, халойиқни барбод этадурғон тўйларни эмас. Оҳ, бу сўзларни тушунатурғон бойлар бизда етишганму?