Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий таваллуд топган кун

Ёзувчи, шоир, публицист, таржимон Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрель Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

Дастлаб, мусулмон, сўнгра рус-тузем мактабида таълим олади. Сўнгра, Шайх Абулқосим мадрасаси ва Москвадаги адабиёт курсида таҳсил олиб, ўз билимларини бойитган.

Абдулла Қодирий фаолияти давомида Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги озиқа қўмитасида саркотиб (1918), «Озиқ ишлари» газетасининг муҳаррири (1919), Касабалар шўросининг саркотиби (1920), «Муштум» журналида таҳрир ҳайъати аъзоси (1923-26) каби лавозимларда меҳнат қилган.

Абдулла Қодирий ўзининг «Улоқда» ҳикояси, «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романлари, «Обид кетмон» қиссаси билан ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган.

Шунингдек, «Тўй», «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Фикр айлагил» каби шеърлари, «Бахтсиз куёв» драмаси, «Жувонбоз» ҳикоялари билан жамиятда учровчи иллатлар ҳақида фикр юритади.

Бундан ташқари, матни ҳеч бир манбада учрамайдиган “Ҳеч ким билмасин” номли драма ҳам ёзувчи номига нисбат бериб келмоқда. Атоқли ёзувчи 1919-1925 йиллар давомида юзлаб мақолалар билан бирга ҳажвий асарлар ҳам яратди. Адиб ижодий фаолиятида 20 дан ортиқ тахаллуслардан фойдаланган. У кўпроқ ҳажвий асарлари ва танқидий мақолаларини Жўлқунбой, Калвак Махзум, Тошпўлат, Овсар, Думбул, Шиғой, Жулбой, Бойқуш, Думбулбой, Жирқинбой, Думбулбой девона, Шаққох каби тахаллуслари билан эълон қилган. 

Шулардан халқ орасида энг машҳур бўлгани Жўлқунбойдир. 

Қодирийга нисбат берилаётган “Ҳеч ким билмасин” драмаси адибнинг ўғли Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида” эсдаликларида “Жўлқунбой”  тахаллуси остида саҳна юзини кўрганлиги ҳақида маълумот учрайди. “Қизил байроқ” газетасининг 1921 йил 17 сентябрь сонида бу ҳақда хабар ҳам берилган. Унда “10 сентябрь ёзлик “Турон” саҳнасида “Ҳеч ким билмасин” (Жўлқунбой асари) ўйналди”, дейилган.

Бор-йўғи икки қаҳрамон ва бир кўринишдан иборат бўлган ушбу комедияда жамиятимизда учраб турадиган айрим иллатлар аччиқ кулги остига олинган. Драма Жўлқунбой, яъни Абдулла Қодирийнинг маълум ва машҳур тахаллуси билан кўрсатилган.

Драма мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, унда хотинбоз, дуохон қари домла ўз набираси томонидан фош этилади. Ёзувчининг маҳорати шундаки, у пул важидаги ёш йигитча орқали чиркин бир иллатни очиб беради. Ушбу драмани Ҳамза номли театр актёрлари Сайфиқори Олимов бобо ролини, Шокир Нажмиддинов эса йигитча, яъний “қиз” ролини ижро этган.

Икки қаҳрамон ва биргина саҳна катта бир миллат инқирозини очиб берган. Бу фақат Жўлқунбойнинг қўлидан келадиган жасоратдир.