Бугун туғилган кун
Ўтган асрнинг 70-йилларида Самарқанд адабий муҳити, хусусан, воҳанинг назм майдони пешқадамларидан бўлган шоир ва журналист Суръат Орипов 1937 йил 18 январда Оқдарё туманидаги Янгиқўрғон қишлоғида туғилган.
Ўрта мактабни битиргач, Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқиди. Университетни тугатиб, вилоят «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетасига ишга келди ва чорак асрга яқин ана шу даргоҳда меҳнат қилди.
Суръат Ориповда илҳомий жўшқинликдан ташқари, тиришқоқлик, меҳнатсеварлик, камтарлик каби ажойиб фазилатлар ҳам бор эди. Минг афсуски, устоз ўз ижод намуналарини тўплаб, ҳаммасини тўла нашр қилишга улгура олмади. 1986 йилда бевақт вафот этди. Ундан фақат Рауф Парфи билан ҳамкорликда чиқарган «Субҳидам» тўпламигина ёдгор қолди.
Чоп этишга тайёрлаган «Ранглар ва оҳанглар», «Чанқовуз» деб номланган китоблари шоир ўлимидан кейин чоп этилди. 2020 йилда эса “Зарафшон” газетаси кутубхонасидан” туркуми остида “Шоир юраги” деб номланган китоб чоп этилди.
Қуйида шоирнинг айрим шеърларидан баҳраманд бўласиз.
ҲАЁТ
Шунчалар севимли сен, ҳаёт,
Орзумга, ўйимга сен қанот.
Суқланиб боқаман ҳуснингга,
Бунчалар ошиқман ўзингга?
Чунки сен қуёшсан, юлдузсан,
Чунки сен кечасан, кундузсан.
Чунки сен дилбарсан, яхшисан,
Сен буюк Навоий, бахшисан.
Сен – ота, сен – она, сен – устоз,
Сен – илҳом, сен – қўшиқ, тинмас соз.
Дарёсан, денгизсан, булоқсан,
Қирларда лоласан, ўтлоқсан
Сен – кузсан, сен – қишсан, баҳорсан,
Ишқимсан, рашкимсан, сен ёрсан.
Шунинг-чун чиққим йўқ қўйингдан,
Ўргилиб қучаман бўйнингдан!
***
САМАРҚАНД
Ҳар сониянг ўзи бир қисса,
Сен юракда ёнган муҳаббат.
Ё қуёшдан олдингми бўса,
Меҳринг бунча иссиқ, Самарқанд?
Ё қизларинг тўқиган атлас,
Чертганмикан қалбим торини?
Ширин-шарбат меванг этиб маст,
Олдими ё ихтиёримни?
Айт-чи, ёки «нони Осиё»
Болдек туюлдими тилимга?
Ё қизларинг тун каби сиёҳ,
Сочин тутқаздими қўлимга?
Айт-чи, ёки гўзал «Лолазор»
Қамаштирганмикан кўзимни?
Она меҳринг этиб ё хумор,
Қўлга олдимикан измимни?
Сенга сингган пешона терим,
Ишқим сенга тушган азалдан,
Сенда ёздим биринчи шеърим,
Сен қилгансан мени ғазалхон.
Она шаҳрим, мўйсафид шаҳрим,
Ҳам йигитдек норғул, навқирон,
Парвозда-чи, сен бургут, шаҳрим,
Теранликда гўёки уммон!
Оқшомларинг тонгдек дилрабо,
Қуёш чақнар сенинг кулгингда.
Ҳар меҳмонга дейсан:
– Марҳабо!
Кел, ўпайин, ишчи қўлингдан!
Суръат ОРИПОВ.