“Евроосиё юрагига саёҳат” экспедицияси аъзолари Самарқандда

Мазкур экспедиция аъзолари 6 июнь куни Москва шаҳридан автомобилларда йўлга чиқиб, кеча Самарқанд шаҳрига етиб келди.

Юзга яқин экспедиция аъзолари орасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, олимлар, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакиллари бор.

Вилоят туризм бошқармаси ходимлари меҳмонларни кутиб олиб, даставвал уларни Булунғур туманидаги Фозил Йўлдош уй-музейи, шу ерда ижод қилаётган “Чавқи” фольклор-этнографик ансамбли фаолияти билан таништирди.

-Экспедициямиз Москва шаҳридан йўл олган бўлса, аввал Россиядаги бир қатор ҳудудлар, кейин Қозоғистон, Қирғизистон давлатларида бўлдик , - дейди “Евроосиё юрагига саёҳат” ташкилий қўмитаси вакили Алена Лупина. – Куни кеча Тошкентдан  Самарқандга келдик ва бу ердаги қатор маданий ёдгорликлар билан танишдик, қишлоқ турмуш тарзини кузатдик. Энди Бухорога, ундан кейин Тожикистонга боришни режалаштирганмиз. Тожикистонда биринчи Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий форумида қатнашамиз. Айтиш керакки, мазкур экспедиция фақат саёҳатдангина иборат эмас, унда давлатлараро маданий, илмий, ижтимоий  алоқаларни мустаҳкамлаш ва унинг доирасида турли анжуманларни ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Лина Дианова россиялик оилавий психолог, youtube тармоғида 600 мингга яқин обуначилари мавжуд бўлиб, чиқишлари миллионлаб маротаба кўриладиган контентга эга блогер.

- Самарқандда, Ўзбекистонда биринчи марта бўлишим ва бу ердаги самимийлик мени ўзига мафтун этди, - дейди Лина биз билан суҳбатда. – Одамлардаги меҳмондўстлик фазилати шунчаки эмас, чин дилдан эканлиги сезилиб турибди. Бу – бугунги одамлар ҳам, ҳаётимиз тобора индивидуаллашиб кетаётган бир пайтда муҳим қадриятлардан бири.

- Саёҳат қилиш асосий хоббим бўлгани туфайли, қаерга борсам у ердаги ўзига хосликларни видео шаклида тақдим эта бошладим ва ўз аудиториямга эга бўлдим, - дейди Надежда Пронова. – Илгарилари асосан Европа давлатлари ҳақида видеолар тайёрлаганман. Ушбу экспедиция давомида, тўғриси, ҳали Россиянинг ўзида ҳам қанчадан-қанча чиройли ва тарихий жойлар ҳақида билмаслигимни билдим. Марказий Осиё мамлакатларидаги тарихийлик эса ҳар қандай саёҳатчи учун қизиқ, деб ўйлайман. Айниқса, Булунғурдаги фольклор ансамблининг чиқишларидан жуда завқландим. Бунақасини ҳали кўрмагандим!

Экспедиция аъзолари муаззам Регистон майдонида жам бўлишганда, уларга миллийлигимиз рамзи бўлган дўпиилар тарқатилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.