Бугун туғилган кун: Икром Отамурод

Шоир ва ёзувчи Икром Отамурод 1951 йил 5 майда Қашқадарё вилоятининг Касби туманида туғилган.
Ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, 1969 йилда ТошДУнинг журналистика факультетига ўқишга кирган. Университетни битиргач, илк иш фаолиятини “Ўзбекистон энцеклопедияси” нашриётида бошлаган. Бир йилдан сўнг “Шарқ юлдузи” журналига ижодий ходим бўлиб ишга ўтган ва бугунгача ушбу таҳририятда адабий бўлимни бошқариб келмоқда.

Икром Отамуроднинг дастлабки шеърий тўплами 1982 йилда «Вақт ранглари» номи остида чоп этилган. Шундан сўнг шоирнинг «Жануб қушлари», «Тўрғайли манзиллар», «Уфқлар орти бепоён», «Руҳимнинг қайғуси», «Сен», «Канглум, ўзинг», «Тавр» каби шеърий китоблари нашр этилди.
Бир нечта достонлар ҳам ёзган («Ярадор умид отлари», 1986; «Узоқлашаётган оғриқ», 1990; «Сопол синиқлари», 1994; «Анинг умиди», «Харитага тушмаган жой», 1992; «Таназзул» каби).
М.Дарвиш, М.Бсису, У.Уитмен, П.Неруда, Ў.Сулаймон, Е.Евтушенко каби шоирларнинг шеър ва достонларини ўзбек тилига таржима қилган.
1999 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Қуйида шоирнинг шеърларидан намуналар ўқийсиз.
* * *
Канглум, мендан бўлак киминг бор сенинг,
Канглум, сендан бўлак менинг кимим бор?
Не десанг, дегувчи — ёлғизим менинг,
Не айтсанг, айтгувчи — ўзинг хокисор.

Канглум, мени тушунгувчи ўзингсан фақат,
Канглум, фақат сени англаб етгувчи ўзим.
Менинг вужудимда улғаяр тоқат,
Сенинг вужудингда ғунчалар тўзим.

Канглум, ғамларимнинг ашклари — дайро,
Канглум, армонларинг қайғулари — тоғ.
Канглум, сени қаърига тортар бу дайро,
Канглум, мени янчиб кетади бу тоғ.

Даҳри дун дайрида чирпираган гард,
Канглум, бир кун кетармиз чиқармай на тоғ.
Кимгадир қолдириб ғарибгина дард,
Кимгадир қолдириб ғарибгина доғ.

Канглум… канг… лум…

***
Баъзи кунлар чўзилиб кетар,
баъзи кунлар қисқа,
бир тутам.
Шамс нуридан меҳрлар кутар,
туманлардан туяди ситам.
Баъзи кунлар қовоғин уйиб,
борлиқ аро тўқийди тўрлар.
Қаергадир бошини қўйиб,
қаергадир пойини йўллар.
Баъзи кунлар ҳовлиқма сиёқ
бодларга тутқазар ройини.
Тоб ташлайди даштларда гиёҳ:
хўрсиниб,
қуруқшаб,
койиниб.
Баъзи кунлар дилларга кўчиб:
пайваста,
хеш,
ёндош бўлгайдир.
Армонларнинг доғлари ўчиб,
умидларнинг сеҳри тўлгайдир.
Баъзи кунлар — чигик тугунлар:
чўзиқми,
қисқами нисбати…
…Тонгдан
шомга югурган кунлар —
одамларнинг муносабати.
* * *
…Мендан йироқ кетмагин соғинч,
яқиним бўл,
суянчим бўлгин.
Сукут ичра мустаҳкам боғич
нурларидай канглумда тўлгин.
Талпинаман ҳар лаҳза,
ҳар зум,
соғинч мўғжалаган висолга.
Қуёш кунга бўлгандай орзу,
тун очгандай бағрин ҳилолга.
Соғинч…
Унутма…
Аҳён-аҳён
қайрилиб тур…
Мен — бир ноламан…
Канглум ночор…
Хўрсиниққа ён…
Сенсиз ғариб бўлиб қоламан…