Бугун туғилган кун
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон 1952 йил 20 январда Самарқанд туманидаги Чордара қишлоғида туғилган.
Ўрта мактабни тугаллаб, Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. Иш фаолиятини 1974 йилда нашриёт ва ижодий ташкилотларда бошлаган. Кейинчалик Маънавият ва маърифат марказида раҳбар ўринбосари, Ўзбекистон Миллий телерадикомпаниясида турли раҳбар лавозимларида ишлаган.
Хуршид Давроннинг дастлабки шеърлар тўплами – «Қадрдон қуёш» деб номланган. Шундан кейин «Шаҳардаги олма дарахти», «Тунги боғлар», «Учиб бораман қушлар билан», «Тўмариснинг кўзлари», «Болаликнинг овози», «Қақнус», «Баҳордан бир кун олдин» каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
У тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўзлайдиган қатор насрий ва назмий асарлар ҳам яратган. Жумладан, Бибихоним ҳақида «Самарқанд хаёли», Улуғбек ҳақида «Соҳибқирон набираси», Шайх Кубро ҳақида «Шаҳидлар шоҳи» каби тарихий-маърифий қиссалари ўз ўқувчиларини топган.
1999 йилда Хуршид Давронга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилди, шунингдек, «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.
Қуйида шоирнинг айрим шеърларидан ўқийсиз.
ХАЙР ДЕМА, СЕВГИЛИМ
Бу дунёнинг армонлари кўп экан,
Кетар бўлсанг, томонлари кўп экан,
Чечагидан сомонлари кўп экан,
Хайр дема, хайр дема, севгилим.
Ярми қора, ярми оқдир дунёнинг,
Ярми саҳро, ярми боғдир дунёнинг,
Ярми висол, ярми доғдир дунёнинг,
Хайр дема, хайр дема, севгилим.
Сен истасанг гуллар рўйи жаҳоним,
Яна бўйин таратади райҳоним,
Чаманларга айланади сайҳоним,
Хайр дема, хайр дема, севгилим.
Хайр десанг, бу дунёда нетаман,
Бошим олиб қаёнларга кетаман,
Сени излаб бўзлаб-бўзлаб ўтаман,
Хайр дема, хайр дема, севгилим.
ТАБАССУМИНГ ЁДИМДА ҲАМОН…
Табассуминг ёдимда ҳамон,
Ёдимдадир хандон кўзларинг.
Кулгуларинг эслайман, бу он
Унутилган ёлғон сўзларинг.
Атиргулнинг баргидай қизил,
Алвон эди табассуминг ҳам —
Эй кўзлари хандон урган қиз,
Наҳот сендан қолди фақат ғам?!
Мен биламан,энг сўнгги палла
Жонсиз қолиб, сирғалса қўлим,
Сенинг…сенинг табассуминг-ла
Кўзларимга боқади ўлим.