Бугунги “жанг” олдидан: “Динамо”га "юлдуз"лар эмас, жонкуяр футболчилар жалб қилинган
Жорий йилги Суперлига янги мавсуми олдидан “Динамо” жамоасининг мураббийлар штаби ва футболчилари таркибидаги ўзгаришлар, клубнинг Туркиядаги йиғини доирасида ўтказган ўртоқлик ўйинлари, умуман, жамоанинг Суперлигага тайёргарлик ҳолати ҳамда бугунги биринчи тур учрашуви ҳақида “Динамо” профессионал футбол клуби директори Учқун Қобилов билан суҳбатлашдик.
- Учқун ака, “Динамо” жамоаси жорий йилги футбол мавсумига тайёргарликни қачон бошлади ва ўзгарган мураббийлар штаби билан қандай келишувга эришилди?
- «Динамо» жамоаси жорий йилги янги мавсумга 5 январдан бошлаб тайёргарликка киришди. Футболчиларимиз 30 январга қадар ўқув-машғулот йиғинини Самарқанддаги қароргоҳида ўтказди. Йиғинда таркибни шакллантириш, футболчиларни синовдан ўтказиш ва жисмоний ҳолатини тиклашга асосий эътибор қаратилди. Йиғин доирасида Қарши ва Ғузорда «Насаф» ҳамда «Шўртан» билан назорат баҳси ўтказилиб, бир мағлубият ва бир ғалаба қайд этилди.
Мураббийлар штабига келсак, улар тўлиқ янгиланди, дейиш мумкин. Хабарингиз бор, «Динамо» клуби бош мураббийи этиб тайинланган сербиялик 47 ёшли мутахассис Предраг Роган билан бир йиллик шартнома имзоланди. Мураббий Сербия ва Венгрия клубларни бошқариб, яхши натижаларга эришган. Мутахассис УЕФАнинг «Про» лицензиясига эга. 2021 йилда Сербия Суперлигаси вакили «Вожводац» клубини бошқарган. У Ўзбекистон Суперлигасида ҳам "Динамо" жамоасининг етакчи ўринларда бўлишига ваъда бериб, Суперкубогни қўлга киритишга астойдил ҳаракат қилишини билдирди. Мураббий 11 январдан жамоа машғулотларида ва ўйинларида қатнашиб келмоқда.
Шунингдек, Предраг Роганга ёрдамчи сифатида 46 ёшли мутахассис Иван Йевич билан ҳам бир йиллик шартнома имзоланди. Югославиялик собиқ футболчи, сўнгги йилларда Сербия ёшлар жамоасида (U-19) мураббий сифатида фаолият юритган.
Бундан ташқари, клубда дарвозабонлар мураббийи сифатида Михаил Наумов ҳам иш бошлаган. У футболчилик фаолияти давомида Ўзбекистон миллий жамоаси, «Насаф» ҳамда 2016-2017 йилларда «Динамо» жамоаси дарвозасини қўриқлаган. 37 ёшли мутахассис билан бир йиллик шартнома имзоланган.
- "Динамо" жамоасига бу йил неча нафар легионер ўйинчи ва бошқа клублардан футболчилар олиб келинди?
- Жорий йил мавсум олдидан жамоанинг 99 фоиз таркиби янгиланди. Тўғриси, клубга "юлдуз"лар эмас, жонкуяр футболчилар жалб этилди. Майдонда фамилия эмас, футболчи ўйнайди. Ўйлайманки, бу мавсумда йигитлар етакчи ўринларда тўп суради.
Жамоамиз Суперлигада кучли клубларга қарши ўйнайди. Шу боис, мураббийлар билан келишган ҳолда жамоага 25 нафар футболчи жалб қилинди. Шундан, 4 нафари легионер футболчи. Хусусан, Киевнинг "Динамо" клуби тарбияланувчиси, украиналик 26 ёшли яримҳимоячи Евгений Чумак билан бир йиллик шартнома имзоланди. Футболчи Украина, Беларус, Ўзбекистон ва Қозоғистон клубларида тўп сурган.
Яна бир легионеримиз босниялик 29 ёшли ҳужумчи Александр Глишич Арманистоннинг “Алешкерт” клубида чемпионлар лигаси саралашларида ўйнаган. Жамоамизнинг етакчи ҳужумчиси сифатида кўрилаётган бу футболчи билан бир йиллик шартнома имзоланган. У сўнгги бир ярим йилда Ереван клуби сафида Арманистон Премьер-лигаси чемпиони, кубоги ва Суперкубоги ғолибига айланган. «Алашкерт» сафида жами 48 ўйинда 15 та голга муаллифлик қилган.
Сербиялик 32 ёшли ҳимоячи Михайло Йованович эса Чехия, Беларус, Қозоғистон, Арманистон клублари шарафини ҳимоя қилган. Сўнгги 2021 йилда Ереваннинг «Алашкерт» клуби сафида Арманистон чемпионлигини қўлга киритган.
Тўртинчи легионеримиз сербиялик 30 ёшли дарвозабон Милое Прекович билан бир йиллик шартнома имзоланди. У «Динамо» сафига эркин агент мақомида қўшилди. Милое Прекович сўнгги мавсумни Сербия Суперлигаси вакили «Вождовац» клуби сафида ўтказиб, жамоанинг асосий посбони бўлган. У чемпионат доирасидаги барча – 21 ўйинда ҳам тўлиқ тўп сурган.
Шунингдек, жамоамизга "Сўғдиёна" клубидан 1 нафар ҳужумчи, "Насаф" клубидан 2 нафар, "Сурхон" ва "Нефтчи"дан 1 нафардан ҳимоячи, "АГМК", "Насаф", "Металлург", "Турон", "Машъал", "Бухоро" жамоаларидан 1 нафар яримҳимоячи олиб келинди.
Бундан ташқари, "Динамо" клубида олдин ўйнаган 1 нафардан ҳужумчи ва ҳимоячи, 2 нафар дарвозабон, 4 нафар яримҳимоячи ҳамда клубда тарбияланган 1 нафардан ҳимоячи ва яримҳимоячи билан шартнома имзоланган.
- «Динамо» жамоаси тайёргарликнинг иккинчи босқичини Туркияда ўтказиб, бешта ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Клуб директори сифатида жамоанинг натижасидан қониқдингизми?
- Жамоамиз 3-24 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Унда футболчиларнинг жисмоний тайёргарлик ҳолати, позициялари ва тажрибаси синов қилинди ва йиғин доирасида 5 та ўртоқлик ўйини ўтказилди. Хусусан, биринчи учрашувда «Динамо» Украинанинг «Левый берег», иккинчи учрашувда Руминиянинг «Чиксереда», учинчи учрашувда Қирғизистоннинг «Абдиш Ота» клуби билан дуранг ўйнади. Тўртинчи учрашувда эса жамоамиз Грузиянинг «Гареджи», бешинчи учрашувда эса Украинанинг «Оболонь» клубини мағлубиятга учратди. Жамоа беш ўйинда 3 дуранг, 2 ғалаба қайд этди. Менимча, бу йиғин дорасида ёмон натижа эмас. Мураббийларнинг ҳам футболчилар ҳақидаги фикрлари ижобий. Албатта, бу кейинги ўйинлардаги натижаларда ҳам сақланиб қолишига ишонамиз.
- Бугун, 3 март куни Суперлиганинг биринчи тури доирасида бўлиб ўтадиган “Динамо” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги учрашув ҳақида нималар дея оласиз?
- Жорий мавсумда барча рақибларимиз билан қайси турда ўйнашимиз аниқ бўлган. Маълумки, бу мавсум “Динамо” ва “Пахтакор” жамоаларига ҳам хорижлик мураббий келган. Менимча, биринчи тур учрашуви хорижлик мураббийлар жанги бўлади, дейиш мумкин. Чунки, жамоаларнинг мавсумга қандай тайёргарлик кўргани ва мураббийларнинг салоҳияти бугунги учрашувда ва ўйиннинг даражасига қараб аниқланади. Тўғри, рақиб “Пахтакор” жамоаси, амалдаги чемпион. Лекин майдон текис, тўп думалоқ. Иккала жамоада ҳам 11 кишидан футболчи ўйнайди. Муҳими, майдонда самарали ҳаракат қилган жамоа етакчиликни қўлга олади.
Фазлиддин Рўзибоев суҳбатлашди.