Бугунги кунда ходимнинг иши натижалари қандай баҳоланиши керак?

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида KPI (асосий ишлаш кўрсаткичи) тизимига асосланган баҳолаш ва ҳисобдорлик тизимини жорий этиш ташкилотларнинг маҳсулдорлиги ва самарадорлигини ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга имкон беради.

KPI - бу ташкилотнинг, ходимнинг стратегик мақсадларига эришишда самарадорлигини белгиловчи коэффициент. Яъни, KPI - эришилган натижаларнинг миқдорий жиҳатдан ўлчанадиган кўрсаткич. KPIдан фойдаланиш муассасага нафақат бозордаги ўрнини баҳолаш, балки фаолиятининг ички механизмларини ҳам кўриб чиқиш имконини беради.

Ривожланган хорижий мамлакатларда бундай тизимнинг қўлланиши ижобий натижалар бермоқда. Ходимларнинг фаолиятини KPI кўрсаткичлари асосида кўриб чиқиш ривожланиш учун яна бир қадам бўлди. У мамлакатлар давлат органларининг фаолият тузилмаси самарадорлигини оширишнинг жуда муваффақиятли усулларини ўзлаштирган ва ҳаракатларнинг янги моделларини яратган.

Самарадорликнинг KPI тизимида корхона менежменти ва ходимлари фаолияти сонлар орқали ўлчанади. Индикаторлар бўйича ҳисобот тайёрлангач, режалаштирилган мақсадга қанчалик даражада эришилгани, режалар қай даражада аниқ ва тўғри қўйилганини баҳолаш мумкин. Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари натижаси стратегик ва тактик мақсадларга тузатишлар киритишга кўмак беради.

KPIдан фойдаланиш корхона, ташкилот, муассаса ва ходимларга нисбатан ҳам қўлланилади. Тизим корхонада меҳнатга ҳақ тўлашнинг мотивацияли ва самарали тизимини кўрсаткичлар орқали кўриш имконини беради. Бироқ бунда кўрсаткичларни ҳисоблашнинг имкони бўлиши зарур. Бугунги кунда кўрсаткичларнинг икки асосий - сифат ва миқдорий категорияси мавжуд.

Миқдорий кўрсаткичлар - бу ишлашни тавсифловчи молиявий кўрсаткичлар, шу жумладан, даромад, фойда ва дебиторлик қарзлари. Сифат кўрсаткичлари, ўз навбатида, нотижорат кўрсаткичлар - мижозлар ташрифи режасини амалга ошириш, ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш, ходимлар айланмаси ва бошқалар.

Бу жараённинг бошқа тизимлардан афзаллиги шундаки, муассаса раҳбарлари, ходимларнинг, аввало, раҳбарлар масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятининг самарадорлигини кўтариш мақсадида ўрнатилган тартибга кўра, моддий рағбатлантириш ходимлар фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлиши белгиланган.

KPI ходимлар, бўлимлар ва бутун муассасада ишчанлик фаоллигини назорат қилиш шароитини яратади. Бошқача айтганда, бу тизим ютуқлар даражаси ва унга эришиш учун қилинган харажатлар даражасини ўзида акс эттирувчи фаолият натижадорлигининг муҳим кўрсаткичидир.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2015 йил 28 июлда “Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан қабул қилинган KPIнинг иқтисодиётимизга жорий қилиниши биринчи навбатда, корхоналарнинг зарар билан ишлаш фаолияти, корхоналарда иш самарадорлигининг ёмонлашиши, ортиқча харажатлар, асоссиз рағбатлантиришлар, ресурслардан мақсадсиз фойдаланиш, ташкилотлар фаолиятидаги ношаффофлик, молиявий манбалардан мақсадсиз фойдаланишларга чек қўяди.   Бир сўз билан айтганда, KPIнинг вазифаси  ташкилот, муассаса, корхона фаолияти натижаларини баҳолашдир.

Стратегик вазифаларнинг аниқлигини таъминлаш, асосий эътиборни муҳим жараёнлар ва жиддий кўрсаткичларга қаратиш, фаолиятдаги кўрсаткичларнинг яхшиланаётгани ёки ёмонлашаётгани ҳақида хабардор қилиш, диққат-эътиборни талаб қилувчи жиддий омилларни бир хиллаштириш (идентификация қилиш)дан иборат.

Корхона томонидан ходимларнинг KPI тизими таҳлили натижаси кўриб чиқилиб, унинг қанчаси юқори, етарли, етарли эмас, ўрта, паст ва қониқарсиз даражада эканлиги аниқланади. Муассаса раҳбари бўлим ходимларининг самарадорлиги икки чорак мобайнида кетма-кет “паст” ёки “қониқарсиз” даражада эканлиги аниқланса, меҳнат шартномасини бекор қилиш ташаббуси билан чиқилиши ҳам мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, корхона ёки ходим фаолияти самарадорлигини баҳоламасдан, уларнинг фаолияти қониқарсиз ёхуд паст даражада, деб эътироф этилган тақдирда, устамалар белгилашга, мукофот пули ва бошқа моддий рағбатлантиришлар тўлашга йўл қўйилмайди. Корхона, ходим фаолияти самарадорлигининг тизимли мониторингини ташкил этиш мақсадида муассасанинг расмий веб-сайтидаги тегишли шаклни тўлдириш йўли билан самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларини электрон кўринишда кузатиш мумкин бўлади.

Ирода АВАЗМЕТОВА,

Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази масъул ходими.