БУГУННИНГ РАҲБАРЛАРИ
Кўз ташласанг мозийнинг бепоён даштларига,
Саробдек жимирлагай замонлар карвонлари.
Саҳройи қирлар каби саҳро оташларида
Чарчаган карвонларнинг серташвиш сарбонлари.
Ярадор шердек ваҳший тўфонлар чангалида,
Ожиз капалак мисол титранганда кемалар;
Дарғалар бўлмасайди уммонлар жангларида,
Кемани бир пашшадек ютарди ваҳималар.
Панипатда бир ҳовуч шерюрак лашкар билан
Бобуршоҳ қучмасайди ғолибона талъатни;
Ботирларнинг пойига тўшалмасди пат гилам,
Замин асло кўрмасди муҳташам салтанатни.
Ҳа, тарих чархпалаги айланмоқда бемалол,
Асрларни дон каби янчар тегирмонтоши.
Сергак турмасанг аммо тоғлар ҳам топгай завол,
Илло, тегирмонга ҳам шартдир тегирмонбоши.
Юз қўшчига бир бошчи, дейилмиш ота мақол,
Қуёш каби мангудир, барҳаётдир ғазалдай.
Ҳар гузарга бир пешво, маҳаллага оқсоқол,
Ҳар туманга доруға лозим эрур азалдан.
Кун чиқиб, ботса ҳам ой, билмай ором, ҳаловат,
Элбошилар, элларга мулки чироқ бўлганлар.
Нуҳ тўфони сингари қутурганда қабоҳат,
Бири Рустами достон, бири Широқ бўлганлар.
Эслар бўлсак бийларнинг забаржад довларига,
Адолатли кўзгудир ўтмишнинг дафтарлари.
Хўш, сиз-чи, сиз тайёрми даврон синовларига,
Талотўп асримизнинг иззатли раҳбарлари?
Дейликки, кемангизни гирдоб тортди қаърига,
Карвонга қароқчидек ҳужум қилди қуюнлар;
Сиз дунёни қолдириб тақдир кажрафторига,
Аросат маҳдудида қилмайсизми ўйинлар?..
Ёхуд баҳри бақодек ол-ол чаманзорларга,
Самумдай кирса босиб чигирткалар, қарғалар;
Палахмон тоши бўлиб ғаламис, ғаддорларга,
Бўстонларни асрашга ярайсизми, дарғалар?..
Бугун битта пуфласанг хасдек ёнишга тайёр,
Бугун тандирдай чатнаб турибди кекса Очун.
Бугун билмоқ маҳолдир, ким биродар, ким ағёр,
Бугун билмоқ маҳолдир, ким қузғуну, ким лочин.
Шундай дамда бўронлар қутқу солиб мастона,
Қутурса, курашларга етадими кучингиз?
Ваҳоланки, улусга қўрғон бўлиб шоҳона,
Тоғдай мағрур турмоқлик сизнинг олий бурчингиз.
Ҳокимдирсиз, ё вазир – катта элда саркорсиз,
Елкангизда турибди катта элнинг юмуши.
Катта элнинг корига ҳар қадамда даркорсиз,
Енгил эмас, албатта, катта элнинг ташвиши.
Биламиз, сафингизда эранлар кўп, эрлар кўп,
Йўқса ар-ар чинордек қалқинмасдик фалакка.
Олдда биллониҳоя пасту баланд қирлар кўп,
Ўзбекюрт муҳтож бу кун шерпанжа – шербилакка.
Дунё – ари инидек беҳаловат, безовта,
Ер – мезон толасидек қалтирайди омонат;
Она Ватан мардларга интизор – илҳақ пайтда,
Сиз узанги талашиб қилмайсизми маломат?
Шукрким, булутларнинг дамларини қайириб,
Осмон ўпар чўққидек турибди Юртбошимиз.
Сиз ҳам оқу қорани бир-биридан айириб,
Қаватида турмоққа етгайми бардошингиз?..
Ҳадемай ифорларга тўлдиргай маъволарни,
Билга ҳоқон бободан мерос юртнинг боғлари.
Улуғбек юлдузлари порлатиб самоларни,
Қуёшдек ярқиратгай Эр Тўнга чироқлари.
Улуғ қўрғон пойига қўйилмоқда олтин ғишт
Ва Буюк Эврилишлар шонининг пойдевори.
Ичингизда Тўмарис, кучингизда Алпомиш,
Ёнингизда Бобуршоҳ алпларидек Алп борми?
Бу кунларга етгунча ёниб, ўчди қанча шам,
Тупроқ бўлди неча бор салтанатлар, султонлар.
Ботир эрлар туфайли она замин муҳташам,
Омон қолди Туркистон, омон қолди Туронлар.
Арқонлар боши узра саланглаб турганида,
Миллатим деб жон берган жадидларни кўрдингиз.
Бугун эса ўзбекнинг бекарон карвонида,
Битта жадид бўлмоққа етадими қурбингиз?
Афсуски...
Кимдир бесар.
Шайтон рақси қонида.
Пашшаю чумолилар бургут санар ўзини.
Бўри каби увлаган довуллар тўзонида,
Қодирмисиз оқлашга элнинг нону тузини?..
Ахир, эгарга минса, билмай босар-тусарни,
Мита каби ришвага қул бўлган каслар йўқми?
Гоҳ худою расулу, гоҳ нағмаи усулни,
Қиблаи паноҳ билган, нафси чоҳ дастлар йўқми?
Бу сўзлар дилингизга ботар балки, мисли ўқ,
Ахир, ҳақ сўз даҳшатдир ҳатто заҳри чаёндан.
Лекин, «янтоқнинг ёғи, катталарнинг соғи йўқ»,
Дейилмиш иддао ҳам тушмаган-да осмондан...
Раҳбар – миллат шарафи.
Раҳбар – миллат кўзгуси.
Оқил раҳбар, чин раҳбар, элнинг сарбадоридир.
Ношудлар бир кун сўзсиз сомон каби тўзғуси,
Ботир эрлар эл-юртнинг ифтихори – оридир.
Шулбоис ҳам жам бўлинг, жам бўлсангиз юлдузлар,
Сомон йўли мисоли тўшалгай пойимизга.
Пуфак каби ёрилгай пасткашлару ҳиссизлар,
Ўзонлар ҳавас қилгай ўлан – хиргойимизга.
Жам бўлсангиз, жилғалар айлангай дарёларга,
Райҳону жамбилларга макон бўлгай қасримиз.
Нилуфар тонгларимиз чўмилгай зиёларга,
Баҳор тароватига кўмилгай тўрт фаслимиз.
Жам бўлсангиз, тўлгайдир мардона достонларга,
Янги Ўзбекистоннинг шоҳона дафтарлари.
Ўзбекнинг ҳар қадами айлангай бўстонларга,
Бургутларга айлангай ўзбекнинг каптарлари.
Жам бўлинг! Жам бўлсангиз, қорлар ёнгай ўт бўлиб,
Шамлар – шамсга айлангай ўтюраклар қўридан.
Ёмғир дув-дув тўкилгай омбор тўла қут бўлиб,
Рақиблар ҳам жой бергай минбарларнинг тўридан.
Бирлашсак – битта халқмиз.
Жам бўлсак – битта Ватан.
Ҳавас қилгай ўзбекка жаҳоннинг жавҳарлари.
Сиз ҳам Юртбошимиздек халқ билан бўлинг бир тан –
Янги Ўзбекистоннинг бугунги раҳбарлари!
Абдусаид КЎЧИМОВ.
23.10.2024 йил