Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Булунғурдаги маданий мерос объектлари туризм масканларига айланади

Юртимизда маданий мерос объектларига берилаётган алоҳида эътибордан асосий мақсад уларни асраб-авайлаш, бекаму кўст келажак авлодга етказишдан иборат. Шу билан бирга бундай тарихий манзилгоҳлар бугунги кунда сайёҳларни жалб қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабдан ушбу зиёратгоҳлар, тарихий аҳамиятга эга биноларни реставрация қилиш ишлари жадал йўлга қўйиляпти.

Вилоят маданий мерос бошқармаси ҳамда Булунғур тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида тумандаги маданий мерос объектларининг бугунги аҳволи ўрганилганда айни шу жиҳатларга эътибор қаратилди. Ўрганишлар давомида вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Ботир Шайматов, Булунғур тумани ҳокими Самандар Астонов, маданий мерос объектларини асраш ва туризм ҳудудларини лойиҳалаштириш институтининг тарихий обидалар бўйича бош архитектори Маматқул Холиқулов туманда мавжуд 19 археологик, 6 та архитектура маданий мерос объектларини сақлаш, таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш бўйича ўрганишлар олиб бориб, тегишли чора-тадбирларни белгилаб олиш ҳақида сўз юритдилар.

- Хусусан, Булунғур маҳалласи Амир Темур кўчасида жойлашган XIX-XX асрларга оид, илгари христиан черкови, кейинчалик “Баркамол авлод” болалар маркази сифатида фойдаланилган бино таъмирталаб аҳволга келиб қолган, - дейди М.Холиқулов. - Бинони 2024 йилга мўлжалланган меъморий ёдгорликларни таъмирлаш бўйича давлат дастурига киритишни мақсад қилганмиз. Ушбу бинодан келажакда музей сифатида фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, туманда юз йилдирки сақланиб келинаётган эски қудуқлар ҳолати ҳам ўрганилди.

Ўрганиш давомида мутасаддилар “Шероз қалъа” маданий ёдгорлигини туманнинг энг диққатга сазовор жойлари тоифасига киритиш, масканни очиқ осмон остидаги музейга айлантириб, сайёҳлар келиши учун керакли барча шароитларни яратиш масалаларини ҳам муҳокама қилишди.