Бунёдкор камбағалликдан холи ҳудудга айланмоқда
Тойлоқ туманидаги Бунёдкор маҳалласининг ҳоким ёрдамчиси Элдор Муродов таъкидлашича, йил бошида ҳудудда камбағаллик даражаси 3,8 фоизни ташкил этган. Бугунги кунда «Маҳалла еттилиги»нинг бош мақсади — йил якунига қадар бу кўрсаткични нолга тушириб, Бунёдкорни тўлиқ камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришдан иборат.
Бу мақсадга эришишда эса ҳудуднинг ички имкониятлари ва драйвер соҳаларидан унумли фойдаланилмоқда. Маҳалладаги асосий йўналишлардан бири — гулчиликдир. Айни пайтда маҳалладаги 20 та хонадонда гул кўчатлари етиштирилаётган бўлса, йил якунигача бундай хонадонлар сонини 40 тага етказиш режалаштирилган.
Маҳалладошларига ўрнак бўлиб, гулчилик сирларини ёшларга ҳам ўргатиб келаётган тажрибали деҳқонлардан бири — Олим Давроновдир. Унинг босиб ўтган йўли томорқадан қандай қилиб катта даромад олиш мумкинлигига яққол мисол бўла олади.
– Ишни дастлаб 3 сотихли иссиқхонада кўкат етиштиришдан бошлаганман, – дея ҳикоя қилади Олим Давронов. – Кейинчалик секин-аста гул кўчатлари етиштиришни йўлга қўйдим. Кўрган фойдам эвазига яна 12 сотихлик иссиқхона қурдим. Ҳозир йил бўйи, ҳар бир мавсумга мос гул кўчатлари етиштирамиз. Бир мавсумнинг ўзида 150 минг туп кўчат тайёр бўлади. Меҳнат орқасидан уйлар қуряпмиз, тўйлар қиляпмиз, машина сотиб олдик. Йиллик соф даромадимиз ўртача 50 миллион сўмни ташкил этади.
«Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик», деганларидек, Бунёдкор маҳалласи аҳли ердан унумли фойдаланиб, ўз ҳаётини ўзи ўзгартирмоқда. Халқ билан елкама-елка туриб ишлаётган маҳалла фаоллари ва Олим Давронов каби фидойи деҳқонлар бор экан, маҳалла тез орада нафақат камбағалликдан холи, балки туманнинг энг обод ва тўкин гўшаларидан бирига айланиши шубҳасиз.
Фарангиз Эргашева,
Фарангиз Шамсиева,
Бахтиёр Мустанов (фото+видео).