Бухорода эр-хотин юк машинаси уриб юбориши оқибатида вафот этди
Бухорода 24 ноябрь, якшанба куни соат тахминан 11:30 да юк машинаси икки кишини уриб юборди, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Маълум бўлишича, 24 ёшли О.А. “Isuzu” русумли юк машинасида Бухоро шаҳар Дўстлик кўчасидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 218-километридан Газлишоҳ кўчасидаги айланма йўл томонга ҳаракатланиб, пиёдалар ўтиш жойидан ҳаракат йўналиши бўйича йўлнинг чап томонидан ўнг томонига кесиб ўтаётган пиёдалар - 51 ёшли Т.Б. ва унинг турмуш ўртоғи 49 ёшли Ю.Ё.ни автомашинанинг олд томони билан уриб юборган.
Оқибатда Т.Б. ҳодиса жойида ва Ю.Ё. эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Ҳолат юзасидан 24 ноябрь куни Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро О.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.