Бузилган бино ЮНЕСКО ҳимоясидами?
11 сентябрь куни Самарқанд шаҳар Амир Темур кўчасида жойлашган, В.Элонага тегишли 14-уй суд қарорига кўра бузилди.
Биз ҳам бу жараённи кузатдик ва томонларнинг фикрларини эшитдик.
- Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг даъвоси асосида фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судининг 2020 йил 3 июнь куни ўтказилган очиқ суд мажлиси қарорида Волова Элонага 640 миллион 815 минг сўм товон пули тўлаш ва бинони мажбурий буздириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилган, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бош юристконсульти Бобохон Тоиров. – Ҳал қилув қароридан норози томонлар 20 кун муддатда шу суд орқали фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига аппеляция тарзида шикоят ёки протест киритиши мумкинлиги қайд этилганди. Суд қарорига асосан бугун ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хўш, унда мулкдор вакилининг нимадан кўнгли тўлмаяпти?
- Ушбу бино маданий мерос объекти ҳисобланади ва уни бузиш қонунга зиддир, - дейди ўзини В.Элонанинг ишончли вакили, деб таништирган Мақсуд Абдужабборов. – Маданий мерос бошқармасининг хулосаси олинмаган ҳолда бузиш ишлари бошланмоқда. Бино эгаси В.Элона ҳозирда Исроил давлатида ва карантин туфайли Ўзбекистонга келолмаяпти. Эгаси иштирок этмасдан мулкка нисбатан қарор чиқариш қонунга зид ҳисобланади. Қолаверса, биз ҳеч қандай товон пулини олганимиз ҳам, кўрганимиз ҳам йўқ.
Бино ҳақиқатдан ҳам маданий мерос объекти сифатида ЮНЕСКО рўйхатига олинган бўлса, қайси асосга кўра бузилмоқда?
- Ушбу нотураржой биноси вилоят ҳокимининг 2000 йил 14 мартдаги қарори билан маданий мерос объектлари рўйхатида қайд этилган, - дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қиличев. – Аммо объект маданият ва спорт ишлари вазирлиги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг 2010 йил 19 январдаги буйруғига (тарихий-маданий мерос объектлар эксперт комиссиясининг хулосасига) асосан маданий мерос объектлар рўйхатидан чиқарилган. 2001 йилда Самарқанд шаҳри тарихий шаҳар сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Ушбу бино маданий мерос объекти ҳисобланмайди, фақат бино тарихий шаҳар ҳудудида жойлашган. Бу борада тегишли қарорлар қабул қилинган ва шаҳарнинг тарихий ҳудудида бажариладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари тегишли ташкилотлар ва ЮНЕСКО маркази билан келишган ҳолда олиб борилади.
Масъулнинг гапидан англашиладики, бино аллақачон маданий мерос объектидан чиқарилган ва аммо бино бузилишдан олдин суд қарорида келтирилган тўлов маблағ тўланиши керак. Вакил эса маблағни олмаганини иддао қилмоқда.
- Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 3 июндаги очиқ суд мажлисида Волова Элонага тегишли ушбу бино ҳозирги бозор нархида 640 миллион 815 минг сўм миқдорида баҳолангани, маблағни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан ундириш белгиланган, - дейди Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари Фарруҳ Ибрагимов. – Суд қарорига асосан “Миллий банк”да Волова Элона номига ҳисоб рақам очилиб, маблағ шу ҳисобга ўтказилган. Волова Элона ёки унинг ишончли вакиллари маблағни олиши ёкм унинг талабига кўра, Исроил давлатига конвертация орқали кўчириб берилиши мумкин. Энди қарор ижросини давом эттириш мақсадида шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бинони бузиш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозиргача аппеляция инстанциясида иш кўрилаётган бўлса, суднинг ижро ҳаракатларини тўхтатиш тўғрисида ажрим бўлмагунга қадар ижро ҳаракатларини тўхтатишга ҳеч қандай асос йўқ. Аппеляция учун мулк вакилига почта орқали муддат берилиб, ишончнома орқали хабарнома ҳам юборилган.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ фото.