Бюджет даромади асоси тадбиркорликдан
Вилоят солиқ, молия, пенсия, ғазначилик ва давлат молиявий назорат бошқармалари раҳбарлари ва ҳудудий бўлинмалар ходимлари иштирок этган тадбир аввалида Молия вазирлигининг ҳудудлар молияси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари У.Тожибоев, вазирлик мутахассиси Б.Артиқов, вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев 2018 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартишларнинг мазмун-моҳиятига тўхталдилар.
Таъкидландики, 2018 йил 1 январдан солиқ ва тўловларнинг ундирилиши бевосита маҳаллий ҳокимият, молия ва солиқ идораларининг фаолияти билан боғлиқ. Бу бежиз эмас. Чунки тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи, бозорлардан тушадиган даромадлар ва маҳаллий йиғимлар тўлиғича маҳаллий бюджетлар даромадига тушади. Демак, энди туманларнинг солиқ базасини кенгайтириш учун маҳаллий ҳокимият, молия ва солиқ органлари ходимлари фаолиятни самарали ташкил этишлари керак.
Семинарда шу мақсадда жойларда тадбиркорлик, хизматлар кўрсатиш кўламини ошириш ҳамда маҳаллий бюджетга даромад тушишини таъминлайдиган бошқа резервлардан фойдаланиш борасида тавсия ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Акрам БЎРИЕВ.