Чангсиз минг йил умр ёхуд чанг босган маҳсулотлар сотуви хусусида

«Агар чанг бўлмаганида инсон минг йил умр кўриши мумкин эди!».

Микробиология ривожланишидан анча олдин буюк қомусий олим, табиб ва файласуф Абу Али Ибн Сино атроф-муҳитнинг инсон организмига таъсирини ана шундай баҳолаган.

Дарҳақиқат, биз чанг билан «қоришиб» яшаймиз. Чунки чанг ҳавода кўп, у атроф-муҳитга тарқалади, танага ўтиради ва афсуски, организмга осон кириб боради. Чанг - ҳавода учиб юрувчи майда заррачалар йиғиндиси бўлиб, тупроқ ва қумдан ташқари турли мавжудот, одамлардан тушган қуриган тери (уй чангининг 80 фоизи), мато, елим, металл парчалари, ўсимлик чанги, замбуруғ споралари, бактериялар, вирус ва бошқалардан иборат. Айниқса, шаҳар муҳитида, транспорт кўп жойларда, ёпиқ бинода бу моддалар тўпланса, ҳаво сифати бузилади ва жиддий касалликларни қўзғатиши мумкин.

Чангдан, айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида азият чекамиз. Бунинг устига аксарият жойларда давом этаётган, охири кўринмайдиган қурилишлар вазиятни янада оғирлаштиради. Уйлар деразасини очиб бўлмайди, ҳар бир машина ўтганда бурқсиб кўтарилган чанг-тўзон бир зумда уйни қоплайди, нафас олиш қийинлашади.

Чанг ҳақида гапирар эканмиз, Ўзбекистон атмосфера ҳавосидаги чанг миқдорига таъсир этувчи бир қанча иқлимий-географик омилларни ҳам ҳисобга олиш зарур. Мамлакат қурғоқчил зонада, яъни қуруқ иқлим, юқори ҳароратли ва намлиги паст чўл ва ярим чўл зонасида жойлашган. Қуруқ ҳаво ерга тушган ифлослантирувчи модда зарраларини осонгина ҳавога кўтаради, заррачаларнинг чўкишига ёрдам берадиган намлик етарли эмас.

Ана шундай вазиятда чанг билан курашиш, уй ичини тез-тез артиш ва шамоллатиш, тозаликка эътибор қаратиш жуда муҳим.

Бу маълумотларни ёзишимга бир ҳолат туртки бўлди. Эътибор берган бўлсангиз, кичик дўкон ёки супермаркетларнинг аксариятида қадоқланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари усти очиқ ҳолда сотилади. Турли печеньелардан тортиб, нон ва кондитер маҳсулотлари, қадоқланмаган қуруқ чой дейсизми, барчаси қутиларда, аммо очиқ турибди. Уларнинг устига кун бўйи қанча чанг ўтиришини тасаввур қилиш қийин эмас (ҳашаротларни ҳам эсдан чиқармаслик керак). Ваҳоланки, сотувчи маҳсулотни сақлаш талаблари, озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлиги, уларни сотиш шартлари келтирилган қонун-қоидаларга амал қилиши шарт.

Ана шундай дўконларнинг бирига кириб сотувчидан сўрадим:

- Бу маҳсулотларингиз очиқ ҳолда сотиляпти, дўкон эшиги очиқ, тасаввур қиляпсизми кўчадан қанча чанг кириб устига ўтиради?

- Бу харидорни жалб қилиш учун, усти ёпиқ турсакўрмай кетишади, - деди сотувчи.

- Ахир, сиз харидор саломатлигига путур етказяпсиз.

- Опа, бизда бу маҳсулотлар бир кунда сотилади. Чанг ёки яна нимадир ўтиришга ҳам улгурмайди.

Албатта, сотувчининг бу гапига ишониш қийин.

Лекин ҳамма дўконларда ҳолат шундай деб бўлмайди. Бир куни кичиккина бир дўконга киришимга тўғри келди. Бўсағасидан хоҳламайгина қадам ташладим ва киришим билан ҳайратда қолдим. Пештахтада турган қутилардаги печеньелар дока билан ёпилган, ҳамма жойи саранжом-саришта.

Озиқ-овқат маҳсулотларини чанг ва ҳашаротлардан ҳимоя қилиш учун унинг устини ёпиб қўйиш зарур. «Очиқ қолган егуликка шайтон қўл уради», дейишади кексалар.

Ҳозир, глобал экологик муаммолар авж олган бир пайтда атрофимизда саломатлигимизга зарар етказиши мумкин бўлган омилларни бартараф этиш, уйимиз, кўчамиз, иш жойимизни чанг-ғубордан тозалаш, бир қарашда оддийгина, безарар бўлиб кўринган ҳаётий қоидаларга риоя қилиш инсонийлик бурчимиздир.

Гулнора Холдорова.