Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Чақалоқ савдоси жиноят. Аммо у нега кўпаймоқда?

Сўнгги уч йил мобайнида Ўзбекистонда чақалоқ савдоси бўйича 185 ҳолат аниқланган. Ушбу жиноятларнинг асосий сабаблари оналарнинг ижтимоий-моддий жиҳатдан ҳимоясизлиги ва никоҳсиз болалар туғилишини яшириш истаги бўлган.

ИИВ Тергов департаменти маълумотларига кўра, чақалоқ савдосига қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:

- боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани ва моддий эҳтиёжлари таъминланмаганлиги;

- турмушга чиқмаган аёллар ҳомиладор экани ҳамда чақалоқни оиласидан яширишга уриниши;

- фарзанд кўрмаган оилалар томонидан чақалоқ асраб олишга эҳтиёж мавжудлиги;

- чақалоқ савдосининг олдини олишга қаратилган мукаммал ҳуқуқий асоснинг йўқлиги.

Умуман, 2012 йилдан 2020 йилгача одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони 6 баробар камайган, аммо чақалоқлар ва болалар савдоси улуши ўсишда давом этмоқда. Масалан, 2012 йилда 574 та одам савдоси билан боғлиқ жиноят қайд этилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 94 та, 2020 йилда эса 74 тагача камайган.

2019 йилда 41 та, 2020 йилнинг 11 ойида 34 та чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар аниқланиб, кўриб чиқиш учун судларга юборилган.

Тўғри, чақалоқни сотганларга ҳам, уларни сотиб олганларга ҳам, ўртада воситачилик қилганларга ҳам қонуний чоралар кўрилган. Афсуски, воситачиларнинг 32 фоизи тиббиёт вакиллари бўлган.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда фарзанд асраб олишнинг қийинлиги ва бу жараёндаги қоғозбозликлар ҳам чақалоқ савдоси жиноятлари сонининг ошишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, фарзанд кўрмаётган оилаларнинг меҳрибонлик уйларидан фарзанд асраб олиши жуда қийинлиги, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан рухсат бериш тартиби мураккаблиги, кўп ҳужжатлар талаб қилинаётганлиги ва талаб қилинган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда оилалар фарзанд сотиб олишга мажбур бўлаётганлигини ҳам қайд этиш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдоси, хусусан, чақалоқ савдосининг олдини олишда биринчи навбатда мавжуд қонунчиликда фарзанд асраб олиш билан боғлиқ қонун нормаларини соддалаштириш, талаб қилинадиган ҳужжатлар сонини қисқартириш ҳамда фарзандликка олиш жараёнини осонлаштириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, эрта никоҳнинг олдини олиш, шунингдек бу борада қонунчиликдаги жавобгарликни кучайтариш лозим бўлади, деб ҳисоблайман.

Ф.Саматов,

жиноят ишлари бўйича Нуробод туман судининг раиси.