“Чавқи”нинг бошқа фольклор ансамблларидан фарқи нимада?

“Чавқи” сўзининг маъноси гулхан атрофида кечаси ўйналадиган халқ ўйини ҳамда кураш, олиш деган маъноларни англатади.
Бу ўйин ўзига хос этнофольклор ҳодисаси бўлиб, халқнинг санъатга бўлган талабини маълум даражада қондириш билан бирга, кишиларни жамоатчилик руҳида тарбиялаш вазифасини бажарган. Ўйин асрлар давомида Булунғур, Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Пайариқ, Жомбой ва Ургут туманларида кенг тарқалган.
Булунғур туман маданият бўлимига қарашли “Чавқи” фольклор-этнографик ансамбли 1986 йилда ташкил этилган. Халқ ижодиётининг жонкуяри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Сувонқул Абдуқодиров “Чавқи”нинг қадимий қўшиқларини яхши биладиган кекса кишилар билан суҳбатлашиб, улардан кўплаб халқ ўйинлари ва қўшиқлар, термаларни, лапар ва қарсак ўйинларини ёзиб олган. Чавқининг ўтказилиш тартиби, бир қарсак, уч қарсак, беш қарсақ, етти қарсак, қўшқарсак, майда қарсак ўйинларининг турларини ва ижро этиш усуллари, қўшиқлар матнига мос келадиган оҳангларни аниқлаган.
“Чавқи” қарсак билан бошқарилади
Ансамбль жамоаси кейинги йилларда “Йил боши”, “Деҳқон дала айланди”, “Пода тўп”, “Сумалак”, “Самарқанд бозори”, “Қонгтаровди”, “Чиллик”, “Қулоқ чўзма”, “Беш қарсак”, “Ўмбалоқ, дўмбалоқ ошиб ўйнаймиз”, “Чўпон-чўлиқ подачи”, “Топрон” ўйинлари, “Тўй маросими” қўшиқлари каби бадиий театрлашган майдон томошаларини намойиш этиб келмоқда.
– “Чавқи” қадимда одамлар ўртасида гулхан атрофидаги айтишувлар, байтлар ва мунозаралар тарзида пайдо бўлган, – дейди 12-сон Соҳибкор маданият маркази раҳбари, “Чавқи” фольклор-этнографик ансамбли аъзоси Маҳмуд Эрматов. – “Чавқи”нинг илк жамоаси эса 50 ёшдан 85 ёшгача бўлган нуронийлар иштирокида ташкил қилинган. Бироқ жамоа Иккинчи жаҳон уруши йилларигача фаолият кўрсатиб, тарқалиб кетган. Кейинчалик “Чавқи”нинг янги иккинчи авлоди ташкил этилган. Ўша пайтдан бери биз ҳам ансамбль таркибида ота-боболаримиздан қолган фольклор намуналарини халқимизга етказиб келяпмиз. Ансамблимизнинг бошқа фольклор намуналари ва республикадаги жамоаларидан фарқи шундаки, халқ термалари, лапарлар, қўшиқлар ва айтишувлар қарсак усуллари билан бошқарилиб борилади. Олдин жамоа репертуарида 300 га яқин халқ қўшиқлари, лапарлар ва термалар бўлса, ҳозирги кунда 500 дан ортиқ халқ оғзаки ижоди намуналари мазмун ва бўғинларига қараб бир қарсак, уч қарсак, беш қарсак, етти қарсак, тўққиз қарсак, қўшқарсак ва майда қарсак усулларида ижро этиб келинмоқда.
“Халқ мақоллари ва нақлларини қўшиқ қиляпмиз”
Ансамбль аъзолари кейинги йилларда “Ҳовижон”, “Сумалак”, “Гуллола”, “Жинайлик”, “Гулқайчи”, “Олмача анори”, “Кенг экан далалари”, “Белбоғим”, “Тараллиҳо”, “Акажоним сиз бўласиз”, “Сангина бола”, “Яллама ёрим”, “Ac бўлиб ўйнанг”, “Уйнасин”, “Жон чечажон”, “Ёмғир”, “Мошова” каби халқ термалари, қўшиқлари, лапарлар ва халқ ўйинлари яратган.
– Ҳудудларга, қўшни туманларга экспедициялар уюштириб, ёши улуғ инсонлар билан учрашиб, уларнинг оғзидан эшитган қадимий мақол ва нақлларни тўплаб, қўшиқ қилиб халқимизга етказяпмиз, – дейди Булунғур туманидаги “Чавқи” фольклор-этнографик ансамбли фахрий аъзоси Эшбек Нормуродов. – Жумладан, “Ҳовижон” деган қўшиқ яратганмиз. “Ҳов” – ҳой, чақириқ маъносида, “Жон” – ширинсуханлик билан мурожаат ва эркалаш сифатида қўлланилган. Бу сўз қадимда қишлоқ келинларининг хонадондаги аёл оила-аъзоларга, қариндошлари ва қўни-қўшниларнинг исмини айтиб чақирмаслик мақсадида “Ҳавижон” деб мурожаат қилиш учун айтилган.
Бу қўшиқни туманимиздаги Фармонтепа қишлоғида яшовчи Зайтун момодан эшитган “Қизнинг уйи қизим банд, кунинг борда кунинг қайт, Ўғил уйи ўйин банд, ўн кун ётиб кейин қайт” тарбиявий аҳамиятга эга мақолини эшитиб, яратганмиз. Бунинг маъноси уч-тўртта қиз узатган момоларнинг қиз чиқарган ва энди турмушга бераётган ёш аёлларга насиҳати тарзида айтилган. Яъни, қизингникига борсанг, ётиб келма, бориб-қайт. Чунки унинг оиласидаги муҳитни бузиб қўйишинг мумкин. Ўғлингники бўлса, ўн кун ётиб келавер, у ўзингники.
Ҳой ҳовижон-ҳовижон, қизинг бугун бўй этди,
Палахмоннинг тошида бахтли узалиб кетди.
Қизнинг уйи қизим банд, кунинг борда кунинг қайт,
Ўғил уйи ўйин банд, ўн кун ётиб кейин қайт...
“Чавқи” бадиий жамоаси 1987 йилда Москва шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон санъат ва маданият кунларида, 1988 йилда шу шаҳарда ўтган халқаро фольклор фестивалида фаол иштирок этиб, “Халқ фольклор жамоаси” унвонига сазовор бўлган. Ансамбль вилоят, республика доирасидаги ва халқаро фестивалларда муносиб иштирок этиб келмоқда. Жумладан, ўтган йил “Она замин оҳанглари” телетанловининг республика босқичида, “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалида иккинчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, жамоа қошида “Чавқи ниҳоллари” болалар фольклор ансамбли ташкил этилган. Унда туманнинг иқтидорли болалари ота-боболаримиздан қолган, оғиздан-оғизга ўтиб келаётган қўшиқларни, термаларни ўрганиб келмоқда.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.