Чегарада отишма: муҳожирлар Польшага бостириб киришга ҳаракат қилмоқда
Беларус ва Польша чегарасидаги вазият кескинлигича қолмоқда. Кеча кечқурунга келиб, муҳожирлар карвонининг асосий қисми Польша чегарасига етиб келиб чодирлар тиклаган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Беларус томонида 4 минггача одам тўпланган.
Шу билан бирга, чегарани мажбуран кесиб ўтишга уринишлар бўлмоқда. Муҳожирлар уларни Европа Иттифоқидан ажратиб турувчи тиканли симларни кесишга ҳаракат қиляпти. Бунга жавобан Польша чегарачилари кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган. Гувоҳлар чегарада отишма ҳам рўй берганини айтган.
«Биз Беларус ҳарбий хизматчилари ва улар билан боғлиқ кишилар томонидан провокацияларга дуч келяпмиз. Масалан, қўшинларимизга қурол қаратиш, вақти-вақти билан отишма... Биз яқин келажакда Польша чегарасида қуролли тўқнашувлар содир бўлишини кутяпмиз, бундан жуда хавотирдамиз ва бу ҳақда огоҳлантиряпмиз», дейди Польша ҳукумати матбуот котиби Петр Мюллер.
Польша президенти Анджей Дуда чегарадаги инқироз туфайли Словакияга ташрифини қолдирди, деди мамлакат Миллий хавфсизлик бюроси раҳбари Павел Солох.
2021 йил бошидан буён 30 мингдан ортиқ муҳожир Польша-Беларус чегарасини кесиб ўтишга уринган. Варшава Беларус ҳукуматини миграция инқирозини кескинлаштирганликда айбламоқда.
Польша Беларус билан чегарадош ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва чегарани қўриқлаш қўшинларини мунтазам равишда ошириб, уларнинг сонини 12 минг нафарга етказди.