Март-апрель ойларида Польшадан йирик тадбиркорлар гуруҳи Ўзбекистонга келиб бир қатор соҳаларда бизнес қилиш имкониятини кўриб чиқиши кутилмоқда
Мазкур масала амалий ташриф билан Польшага борган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги делегация ҳамда ушбу мамлакат Савдо-саноат палатаси раиси Марек Клочко ўртасидаги музокарада муҳокама қилинган.
«Дунё» АА хабарига кўра, учрашувда ушбу икки ташкилотлар ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Марек Клочко кимё, тўқимачилик, фармацевтика, косметика соҳаларига Польша бизнесининг Ўзбекистонга бўлган юқори қизиқишини таъкидлаган. Шунингдек, жорий йил март-апрель ойларида Польша тадбиркорлар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилганини ва юқоридаги соҳаларга оид кўргазмаларда қатнашиш истагини билдирган.
Шунингдек, Ўзбекистон-Польша ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ҳамда ушбу кенгашнинг биринчи йиғилишини 2024 йил сентябрь ойида кенгайтирилган таркибда ўтказиш бўйича келишувга эришилган.
Мамлакатимиз делегация аъзолари сафар давомида, Польша Тараққиёт ва технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Инвестициялар ва савдо агентлиги (PAIH) раҳбарияти билан ҳам учрашиб, мазкур ташкилотнинг Тошкентда офисини очиш масаласини ишлаб чиқиш, кўргазма ва ярмаркаларда компаниялар иштирокини таъминлаш, махсус иқтисодий зоналар ўртасида тажриба алмашиш тўғрисида келишиб олинган.