Чиқиндидан хонадон учун замонавий электр жиҳозлари ишлаб чиқарилмоқда

Вилоятимизда чиқиндиларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-турнинг иккинчи кунида иштирокчилар Каттақўрғон туманидаги “Анваржон Бизнес инвест” МЧЖ ва «Мансурбек қўрғон сервис» МЧЖ санитар тозалаш корхоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Ўн йилдан буён фаолият олиб бораётган мазкур корхоналар Каттақўрғон шаҳридан ташқари Каттақўрғон, Нарпай ва Пахтачи туманлари ҳудудларидаги 200 дан ортиқ маҳаллаларда яшовчи 700 мингга яқин аҳолига санитар тозалаш хизматини кўрсатади. Ҳудудларда ташкил этилган 28 та чиқинди сараловчи шохобчаларда жамланиб, сўнгра қайта ишловчи корхонага жўнатилади. Бунинг учун 90 та турли махсус техникалар жалб қилинган бўлиб, улар тўлиқ GPS-онлайн тизимига уланган. Корхона ишчилари томонидан бир кунда 280 тонна чиқинди олиб чиқилиб, шунинг 20 тоннаси қайта ишланади.
Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 50 минг 400 тонна олиб чиқилган чиқиндининг 3 минг 600 тоннаси қайта ишланиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамкор корхоналарга жўнатилган. Улардан электр кабель ва жиҳозлари, карниз, плинтус, шунингдек, плитка қопламалар учун турли бўёқлар ишлаб чиқарилмоқда.
- Бугунги кунда корхонамизга қарашли 8 та минизаводда пластик, полимер, металл, шиша, резина, картон-қоғоз каби 13 турдаги чиқиндини қайта ишлаш йўлга қўйилган, - дейди тадбиркор аёл Гулмира Жумаева. - Вилоятимиздан ташқари Фарғона, Жиззах, ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятидаги бир қатор қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни хом ашё билан таъминлаб келяпмиз. Корхонамизда модернизация ишларини амалга ошириш мақсадида янги қурилаётган бинога ўрнатиш учун Хитойдан 3,5 миллиард сўмлик янги замонавий асбоб-ускуналар олиб келяпмиз.
Корхоналарда меҳнат қилаётган 426 нафар ишчининг 120 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож дафтарларга киритилган аҳоли вакиллари, шу жумладан 30 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ҳам иш билан таъминланган.
Тадбиркор ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида шу йилнинг май ойида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам “Эко-Шымкент” чиқинди сараловчи корхонасини ташкил этган эди. Мазкур корхона тўлиқ ишга туширилса, ўнлаб маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам янги иш ўрни билан таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, бугун республикамизда фаолият юритаётган 270 та чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар томонидан бир ойда йиғилган 14 миллион тонна чиқиндининг 5,2 фоизигина қайта ишланади, холос.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.