Чўнтак текшираётган пайтимда кўзларим юмуқ эди

Бир киши кўчада кетаётиб ўзини бошланғич синфларда ўқитган ўқитувчисини таниб қолди. У чолнинг олдига борди ва сўради:

- Мени эслайсизми, - деди. - Сизнинг ўқувчингиз эдим.

- Ҳа, танидим...

Учинчи синфда ўқиб юрган пайтларингни эсладим. Ҳозир нима билан шуғуллуняпсан?

- Ўқитувчиман.

- Бу танловга сени нима ундади?

- Нима эмас, ким? Бу сиз. Касбга мени илҳомлантирган сизсиз.

- Мен? Хўш, сени касбимизга қандай илҳомлантирган эканман?

- Бир воқеа орқали. Ўшанда менга таъсир кўрсатганингиз туфайли шу касбни танлаб, менинг ҳам ўқувчиларим бўлишини истардим.

- Қизиқ, айнан менинг таъсирим нима билан ифодаланар экан?

- Ростданам эслолмайсизми? Ижозат берсангиз, бир ҳолатни сизнинг хотирангизда тикласам.

Бир куни синфдошим ота-онаси совға қилган чиройли соатни мактабга олиб келди. Мен шундай соатим бўлишини орзу қилиб юрардим. У соатини ечиб, парта остидаги яшикка қўйганди. Мен эса ўзимни тиёлмадим ва соатни у ердан олишга қарор қилдим. Кўп ўтмай ўша бола кимдир соатини ўғирлагани ҳақида шикоят қилиб, йиғлаб олдингизга келди. Сиз эса ҳаммамизга қараб: “Ким бу боланинг соатини олган бўлса, илтимос қайтариб берсин”, деб айтдингиз. Мен жуда уялардим, лекин соатдан ажрашни истамадим, шунинг учун уни олганимни тан олмадим. Сиз эшик олдига бориб, уни қулфлаб қўйдингиз ва ҳаммамизга девор бўйлаб саф тортиб туришимизни буюриб, огоҳлантирдингиз: “Ҳозир ҳар бирингизнинг чўнтагингизни текшириб чиқаман, фақат бир шартим бор, сиз кўзингизни юмиб турасиз”, деб айтдингиз. Биз итоат қилдик, ўшанда бу менинг қисқа умримдаги энг уятли лаҳза эканлигин ҳис қилдим. Сиз ўқувчидан ўқувчига, чўнтакдан-чўнтакка ўтар эдингиз, ҳатто чўнтагимдаги соатни олганингиздан сўнг ҳам “текширув”ни давом эттирдингиз.

Шундан кейин сиз: “Ҳаммаси жойида болалар, кўзингизни очиб, иш столингизга қайтишингиз мумкин”, дедингиз. Соатни эгасига қайтариб бердингиз ва бу воқеа ҳақида бошқа бир сўз ҳам айтмадингиз. Шу тариқа ўша куни сиз мени ўғри, ёлғончи, ярамас бола деб койимасдан, менинг номусим ва қалбимни қутқардингиз. Ҳатто бу воқеа тўғрисида мени чақириб, гаплашмадингиз ҳам. Вақт ўтиши билан нима учун бундай қилганингизни тушуниб етдим. Чунки сиз чинакам ўқитувчи сифатида ҳали шаклланмаган ёш ўқувчининг обрўсига путур етказишни хоҳламадингиз. Шунинг учун ҳам мен ўқитувчи бўлдим.

Икковлон ҳам ушбу воқеа таъсирида жим бўлиб қолди. Кейин ёш ўқитувчи сўради:

- Ўша куни соатни мен олганимни билиб туриб, нега мени бошқалар олдида шарманда қилмадингиз?

Қари ўқитувчи жавоб берди:

- Гап шундаки, чўнтакларни текшираётган пайтимда менинг ҳам кўзларим юмуқ эди.

Интернет материаллари асосида Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.