Дарахтларни уч нафар фуқаро “ўзбошимчалик” билан кесган экан
Кеча бир қатор ижтимоий тармоқларда Иштихон шаҳрига кириб боришда дарахтлар кесилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси Иштихон тумани Кенгаши ҳамда туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганиш олиб борилди.
Ўрганиш натижасида ҳақиқатан ҳам туманнинг Иштихон шаҳарчасига кириб бориш йўли ёқасидаги 6 туп заранг ва 2 туп шумтол дарахтлари Ғофур Ғулом номли маҳаллада яшовчи фуқаро Ж.У., “Равот” маҳалласида яшовчи фуқаролар М.Д. ва И.К. томонидан 5 июль куни кучли шамол туфайли шохи синган дарахтлар ўзбошимчалик билан моторли арра орқали кесиб ташланган.
Юқорида номлари келтирилган 3 нафар фуқаронинг ҳар бирига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига асосан 1 миллион 225 минг сўмдан жарима ҳамда 63 миллион 700 минг сўм табиатга етказилган зарарни қоплаш учун компенсация ҳисобланди.
***
P/S. Қаранг-а, уч киши катта йўл ёқасидаги дарахтларни кесади-ю бунга ҳеч ким эътибор бермас экан... Нима, Иштихонда ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот органлари йўқми? Улар ким, нима мақсадда бу дарахтларни кестираётгани билан қизиқмайдими? Катта йўл ёқасидаги дарахтни кесишдан олдин йўл ёпилгандир ёки ҳайдовчи ва йўловчилар бундан огоҳлантирилгандир – бу ишни ким бажарди экан?
Одамлар-чи, наҳотки ҳеч ким бу дарахтлар нима учун, кимнинг буйруғи билан кесилаётганига қизиқмаган?
Нима, уч кишига чора кўрилса, улардан (балки уларга буйруқ берганлардан) компенсация ундирилса, хабарларга муносабат билдирилса бўлдими? Яна қачонгача бундай "ўзбошимчалик" давом этади?
Президентнинг дарахт кесишга қарши мораторий эълон қилгани қаерда қолди энди?
Балки Иштихон тумани ҳокимлиги бунга изоҳ берар.