Дарғом канали бўйида сайёҳлик ва дам олиш масканлари ташкил этилади

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, бу йил вилоятга 5 миллион маҳаллий, 2,5 миллион хорижлик сайёҳни жалб қилиш режалаштирилган.

Бунинг учун туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги сайёҳлик объектлари ташкил этиш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш чоралари кўрилади.

Жумладан, вилоятнинг 9 туманидаги 14 та маҳаллани “туризм қишлоғи”га айлантириш кўзда тутилган. Тоғли ва сўлим табиат қўйнида жойлашган бу ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш, сайёҳларнинг дам олиши ва мароқли ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратиш бўйича хориж тажрибаси асосида дастур ишлаб чиқилиб, амалга оширилади. 

Сув иншоотлари ва улар атрофидан самарали фойдаланиш мақсадида Дарғом канали бўйида 35,7 километр масофада кўнгилочар савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидан иборат туристик маршрут ташкил этилади. 

Ургут, Тойлоқ, Самарқанд, Паст Дарғом туманлари ва Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтган канал бўйи муҳофаза ҳудудлари 20-40 метр этиб белгиланиб,  ер майдонлари белгиланган тартибда электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилади.

Шунингдек, каналларда кўп функцияли кўприклар қуриш лойиҳаларини амалга оширишга ҳам эътибор қаратилади. Яъни, бу кўприклар хориждаги сингари савдо ва кўнгилочар масканлар бўлади.

Дастлаб Нарпай каналининг Каттақўрғон шаҳри ҳудудидан ўтган қисмида ташаббускор инвестор маблағлари ҳисобидан гастрономик кўприк мажмуаси қуриш режалаштирилган. Гастрономик кўприк туну кун фаолият кўрсатади ва унда енгил конструкцияли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.

Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ва тизимли йўлга қўйиш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузурида “Дарё ва каналлар бўйи инфратузилмасини ривожлантириш дирекцияси” тузилади.