Дарёдан ноқонуний тарзда тош олганлар жаримага тортилди
Самарқанд вилоятида сув объектларини муҳофаза қилишга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари асосида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси назорат инспекцияси томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида ўтказилган рейд тадбирлари ҳамда мурожаатларни ўрганиш давомида 22 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузиш билан боғлиқ (70-моддаси ва 70-1-қисми билан) моддаси асосида, жавобгарларга 62 миллион 663 минг сўм жарима солинди.
Шу пайтгача 18 нафар ҳуқуқбузардан 43 миллион 47 минг сўм жарима ундирилган бўлса, 4 та маъмурий иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар жарималарини (18 миллион 63 минг сўм) мажбурий тартибда ундириш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига юборилган.
Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.