Давлат активини хусусийлаштиришда нималар ўзгарди?

Ерларни ижарага олиш ёки мулк сифатида сотиб олишда нималар муҳим. Қандай тоифадаги ерлар аукционга чиқарилади ва кимлар чиқариши мумкин. Аукционга чиқариш жараёнлари қандай босқичлардан ўтади? Ижарага олинган ерда тадбиркорлик учун бино қуриб, кейинчалик ерни хусусийлаштириш мумкинми?

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда шу каби саволларга жавоб берилди.

Соҳа ходимлари ишини мувофиқлаштириш ва лотларни электрон аукционга тақдим этиш учун вилоят қурилиш бош бошқармаси ва кадастр агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасида штаблар ташкил этилган. Журналист ва блогерлар кадастр агентлигида ташкил этилган штаб фаолияти ва аукцион ўтказиш, лотларни танлаш, харид қилиш жараёнлари билан таништирилди.

- Ер Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари томонидан давлат рўйхатига олгандан сўнг туман, шаҳар ҳокимликлари ер майдонини мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида берилишини тасдиқлайди, - дейди Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳрор Файзиев. – Ер мулк сифатида сотилаётганда солиқ органлари томонидан бошланғич нарх белгиланади, ижара асосидаги ерлар учун давлат активлари бошқармаси томонидан нарх белгиланади ва аукционга чиқарилади. Аҳамиятли томони, ерлар аввал фақат ижара асосида чиқариларди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори билан ерни мулк сифатида умрбод эгаликка бериш мумкин бўлди. Бу фуқарога ерни гаров сифатида қўйиш ва сотиш имконини беради.

Шу ўринда бир масалага ойдинлик киритиб ўтсак. Ерларни аукционга чиқаришда ҳудуднинг бош режаси тайёрланган бўлса ер мулк сифатида, агарда бош режаси бўлмаган ҳудуддаги ер фақат ижара асосида реализация қилинади. Фуқаро тадбиркорлик мақсадида ижара асосидаги ер учун  аукционда ғолиб бўлди, бино қурди лекин мулк ўзини эмас. Бундай ҳолда ижара бекор бўлиб, бино бузилишга тушиши ҳам мумкинми, деган саволлар кўп учрамоқда. Шуни айтиб ўтиш лозимки, бўш ер учун мулк ҳуқуқи берилмайди, қачонки ерни олган тадбиркор бино қургач яна мурожаат қилади ва унга ўша ер мулк ҳуқуқи асосида берилади.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Жомбой туманидаги собиқ ипак қурти боқиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси бино-иншоотларининг е-auksion электрон савдо платформаси орқали сотилиши ва ҳозирги ҳолати билан танишдилар.

-  “RENT SERVICE GROUP” масъулияти чекланган жамиятининг кўргазма павильонлари ташкил этиш лойиҳаси асосида аукционда қатнашиб шу жойни ютиб олдик, - дейди жамият директорининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари Ботир Ибрагимов. – Икки йилдан ортиқроқ давом этган қурилиш ишларидан сўнг жорий йил март ойида очилиш маросими бўлди ва шу кунгача учта йирик кўргазма ўтказилди. Яна иккита йирик кўргазма ўтказиш арафасидамиз. Кўргазма павильонимизда 5 минг квадрат метрдан очиқ ва ёпиқ майдонларимиз бўлса, 2023-2025 йилларда қўшимча 10 минг квадрат метр ёпиқ павильон қуришни режэалаштирганмиз. Ҳозирда 60 га яқин иш ўрни яратилган бўлса, ушбу лойиҳа амалга ошгач иш ўринлари 100 дан ортиши режалаштирилган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.