Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Икки йилда 265 та давлат активи хусусийлаштирилади

Аукцион орқали бино харид қилиш, ижарага олиш ва сармоя киритиш билан мулкка эгалик қилиш бугунги бозор иқтисодиётининг талаби. Ушбу фаолият билан шуғулланувчи ваколатли давлат органи сифатида ягона давлат сиёсатини юритувчи Давлат активларини бошқариш агентли вилоят ҳудудий бошқармаси 2023 йилда бу йўналишда амалга оширилган ишлар ва жорий йилги режалар ҳақида ОАВ вакилларига маълумот берди.

Яъни, ўтган йилда биргина хусусийлаштириш йўналишида 133 та (шундан 121 таси давлат кўчмас мулк объектлари ҳамда 12 таси акция пакет ва давлат улушлари) давлат активлари оммавий савдоларга чиқарилган, шундан 63 таси 100,7 миллиард сўм харид қийматида сотилган. 2024 йилда 132 та давлат активларини хусусийлаштиришга тайёрлаш, уларни оммавий савдоларга чиқариш ҳамда ушбу активларни сотишдан ва ўтган йиллардаги шартномалардан 177,4 миллиард сўм тушумни таъминлаш режалаштирилган. Бунинг учун йил бошидан 6 та кўчмас мулк объекти 1,2 миллиард сўм харид қийматида сотилган ҳамда бугунги кунда оммавий савдоларда 196,9 миллиард сўм бошланғич нархда бўлган 67 та давлат активлари бўйича оммавий савдолар давом эттирилмоқда.

-  Ўтган йили давлат мулкини сотишдан бюджетга 66,4 миллиард сўм тушум тушди, шундан 14,4 миллион сўм туман ва шаҳар бюджетларига ўтказиб берилди, - дейди Давлат активларини бошқариш агентли вилоят ҳудудий бошқармаси ўринбосари Абдулазиз Сатторов. - Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ва ижара ҳуқуқи асосида сотишдан 65,2 миллиард сўм тушум бўлган ва шундан 50,2 миллиард сўми вилоят ва туман (шаҳар) бюджетларига ўтказиб берилди.

Вилоятда 112 та давлат иштирокидаги корхонадан 13 таси (“Каттақўрғон шаҳар шароб савдо” МЧЖ, “Ингичка металс” МЧЖ, “Оҳалик Ломанн парранда” АЖ ҚК кабилар) фаолиятсиз ва тугатиш жараёнида. Иқтисодиётда давлат иштирокидаги корхоналарнинг улушини кескин қисқартириш ва улар фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича олиб борилмоқда. Бу борада ўтган даврда 155 та корхонадан 114 таси давлат рўйхатидан чиқарилган, 9 таси бўйича иш юритиш тугатилган. Шунингдек, 2023 йилда банкрот деб топилган корхоналардан 309 таси давлат рўйхатидан чиқарилган, 32 таси бўйича иш юритиш тугатилган (жами 464 та тугатилган).

Ўктам Худойбердиев.