Собиқ МХХ биноси сотувга қўйилди
Республика Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг “Марказий биноси” оммавий савдоларга чиқарилди.
Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган “Марказий бино” ҳудуди бўйича оммавий савдо жараёнлари бошланган. Давлат активини сотиш икки босқичда ўтказилади.
Биринчи босқичда – талабгорлар олдиндан сараланади, жумладан, савдоларда қатнашиш учун талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, гаров (заклад) пули келиб тушгани, давлат активидан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабга нисбатан талабгор томонидан таклиф этилган бизнес концепцияси лойиҳасининг мақбул ёки мақбул эмаслиги кўриб чиқилади.
Иккинчи босқичда – талабгорнинг тижорат таклифлари (сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати) ҳамда тўлов қобилияти баҳоланади.
Савдода юридик ва жисмоний шахслар иштирок этишлари мумкин. Бунда давлат активини сотиб олиш бўйича биринчи босқичда битта таклиф келиб тушган ҳолларда, савдолар ўтказилмаган деб эътироф этилади.
Қайд этилишича, ушбу бинодан келгусида офис, савдо, савдо-кўнгилочар, маданий-ҳордиқ, спорт, туристик ва бошқа хизматлар кўрсатиш фаолияти йўналишларидан бири ёки бир нечтасини амалга оширилиши талаб этилади.