Самарқанддаги хўжалик жамиятлари давлат улуши учун 9 миллиард сўм дивиденд ҳисоблади

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида давлат иштирокидаги 223 та корхона мавжуд бўлиб, уларнинг 10 таси акциядорлик жамияти, 25 таси масъулияти чекланган жамияти ҳамда 128 таси давлат унитар корхоналаридир.

Вилоятдаги 24 та (9 та акциядорлик жамияти, 15 та масъулияти чекланган жамияти) хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги акциялар пакети (улушлари) Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан бошқарилмоқда. Ушбу корхоналардан 1 таси банкрот, деб топилган, 2 таси фаолият кўрсатмайди.

Фаолият кўрсатаётган 21 та хўжалик жамиятлари фаолиятига корпоратив бошқарув тамойиллари жорий этилиши натижасида 2019 йилда давлат улушига жами 9 миллиард 40 миллион сўм дивиденд ҳисобланган. Солиқларни инобатга олмаганда, давлат улушига тўланадиган дивиденд тўловлари миқдори 8 миллиард 588 миллион сўмни ташкил этиб, бугунги кун ҳолатига 8 миллиард 261 миллион 130 минг сўм миқдоридаги дивиденд тўловлари давлат бюджетига тўланган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган семинарда шу каби маълумотлар қайд этилди. Вилоятдаги давлат иштирокидаги корхоналар мутасаддилари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларига корхоналар фаолият самарадорлигини оширишда замонавий корпоратив бошқарув услублари ва методларини жорий қилиш ҳамда амалиётда қўллаш бўйича тавсиялар берилди.

– Давлат иштирокидаги корхоналар фаолият самарадорлигини ошириш бошқарувга алоҳида ёндашувни талаб қилмоқда, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулазиз Сатторов. – Шу боис бугунги тадбирда корпоратив бошқарув тизимининг муҳим жиҳатларини амалиётга жорий этишнинг афзалликларини тушунтириб беришга ҳаракат қилдик. Корпоратив бошқарув – бу компания менежерлари ва эгалари (акциядорлари, иштирокчилари) ўртасида компания фаолияти самарадорлигини таъминлаш ва унинг эгалари, шунингдек, бошқа манфаатдор томонларнинг (кредиторлар, ҳамкорлар, мижозлар, компания персонали ва бошқалар) манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш борасидаги ўзаро муносабатлар тизимини ташкил қилади. Давлат корхоналари, шунингдек, хўжалик бошқарув органлари муассиси ҳисобланадиган унитар корхоналарда муассис томонидан ташкилотнинг кейинги йил учун бизнес режаси ҳар йили 1 декабргача тасдиқланиши ва унинг бажарилиши тўғрисида ташкилот ижро этувчи органи ҳисоботи ҳар чоракда эшитиб борилиши тўғрисидаги тартиб ўрнатилган.

Семинарда ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар мутасаддилари мавзу доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Айни жараёндаги мавжуд муаммолар, тушунмовчиликлар юзасидан атрофилича фикр алмашинди.