Давлат амалдорларига тадбиркорлик субъектини ташкил этиш ёки унинг муассиси бўлиш тақиқланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган навбатдаги лойиҳага кўра, қуйидаги шахсларга тадбиркорлик субъектини ташкил этиш ёки унинг муассиси (иштирокчиси) бўлиш тақиқланади:
- олий давлат ва вакиллик органи, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг раҳбарлари ва бошқарув ходимлари;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг раҳбарлари ва бошқарув ходимлари;
- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг таркибига кирувчи ҳарбий тузилмаларда контракт бўйича хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар;
- давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхона ва ташкилотлар раҳбарлари;
- давлат унитар корхонлари ва давлат муассасалари раҳбарлари.
Ўтган йили Коррупцияга қарши курашиш бўйича қарор қабул қилинган вақтда давлат амалдорларига бизнес билан шуғулланишни тақиқлаш таклифи инобатга олинмаганди. Кўрамиз, бу сафар лойиҳа шу кўринишда ўтадими ёки йўқми, дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.