Давлат идоралари ходимларига неча кун таътил берилади?
2022 йилнинг 28 октябрь куни Президент томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, жорий йилнинг 1 май санасидан янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси кучга кирди.
Вилоят ҳокимлигида маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида меҳнат муносабатлари билан ишлаш, амалиётда меҳнат муносабатлари бўйича муаммолар ва уларнинг ечимига бағишланган семинарда мазкур ҳужжат мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Б.Раҳматуллаев янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига киритилган айрим ўзгариш ва қўшимчаларга тўхталди.
Қонунчиликда ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишда муддатлар ходимлар тоифаси ва ташкилотнинг мулкчилик шаклини инобатга олган ҳолда қўлланиши, масалан, раҳбар ходимлар ўз аризаларини икки ой олдин, унинг ўринбосарлари бир ой олдин, давлат элементи билан боғлиқ бўлмаган корхона ходимлари иш берувчини етти кунлик муддатда огоҳлантириши белгиланган, - деди Б.Раҳматуллаев. – Хусусан, эски таҳрирдаги меҳнат кодексининг 113-моддасида ходимни ишдан четлаштириш асослари ва тартиби белгиланган бўлиб, мазкур моддада иш берувчи ходимни қанча муддатга ишдан четлаштириши аниқлаштирилмаган эди. Эндиликда, янги таҳрирдаги кодекснинг 151-моддасига кўра, ишдан четлаштириш асослари аниқлаштирилиши билан бирга, иш берувчи ходимни ишдан четлаштириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар бутун даврга уни ишдан четлаштириши белгиланди.
Меҳнат шартларини ўзгартириш соҳасида эски меҳнат кодексининг 89-моддасида иш берувчи ходим розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартириши мумкинлиги ва бу борада ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши, тарафлар келишувига кўра, ушбу муддат қисқартирилиши мумкинлиги белгиланган. Бу ерда муаммо шунда эдики, ходим ва иш берувчи келишувига кўра, мазкур икки ойлик муддат пуллик компенсацияга алмаштирилиши назарда тутилмаганлиги боис низони ҳал қилишда ноаниқликлар вужудга келар эди.
Янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг 137-моддаси иш берувчининг меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз ўзгартириш ҳуқуқи деб номланиб, эндиликда иш берувчи меҳнат шартларининг келгусидаги ўзгариши тўғрисида ходимни огоҳлантиришнинг икки ҳафтадан ортиқ бўлган муддатини мутаносиб пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақли. Бунда ходимни огоҳлантириш пайтидан эътиборан икки ҳафталик огоҳлантириш муддати фақат ходимнинг розилиги билан пулли компенсация билан алмаштирилиши мумкинлиги белгиланди.
Семинар давомида янги Меҳнат кодексида ходимларга бериладиган йиллик асосий таътил муддати, иш ҳақи қисман сақланадиган қўшимча таътиллар ҳамда ишга қабул қилинаётган шахсларга синов муддатлари ҳақида мутахассислар томонидан тушунтириш берилди.
- Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексига кўра, ходимга 15 иш кунидан кам бўлмаган ҳолда йиллик меҳнат таътили берилар эди, - дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ориф Муҳаммадиев. – Кучга кирган Меҳнат кодексида йиллик асосий таътил муддатининг энг кам миқдори 21 календарь куни этиб белгиланди. Бунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига давомийлиги 27 календарь кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади.