Давлат ижтимоий буюртмаси ажратиш бўйича танлов эълон қилинди

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди 2019 йилда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга давлат ижтимоий буюртмаларини тақдим этиш учун танлов эълон қилади.

 Танлов жадвалини ушбу ҳаволадан кўришингиз мумкин. 

Ижтимоий аҳамиятга молик бўлган лойиҳани амалга оширишда давлат ижтимоий буюртмасининг шартлари:

- ижрочи-ташкилот белгиланган тартибда ННТ сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши зарур;

- давлат ижтимоий буюртмасини бажариш доирасида амалга оширадиган фаолиятнинг ижрочи-ташкилотнинг уставидаги вазифаларга мувофиқлиги;

- ижрочи-ташкилотда лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий, кадрлар ва техник имкониятнинг мавжудлиги;

- ижрочи-ташкилотда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар ва дастурларни муваффақиятли амалга ошириш борасидаги тажрибанинг мавжудлиги;

- лойиҳани амалга ошириш ҳақидаги шартномани сифатли ва ўз вақтида бажариш, уни амалга ошириш вақтида ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишни, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, амалдаги қонун ҳужжаталарига тўлиқ риоя этиш.

Давлат ижтимоий буюртмаси берилиши учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши зарур:

I Ариза тақдим этаётган ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтининг раҳбари имзоси ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;

II www.fundngo.uz сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳаси учун ариза;

III Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг Устави (Низоми) нусхаси;

IV Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома нусхаси;

V Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси тақдим этилади.

Ҳужжатлар 2019 йил 28 мартдан 30 апрелгача қабул қилинади. Тақдим этилган муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва натижалари эълон қилинади.

Ҳужжатлар «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди» номига «Ўзбекистон почтаси» орқали муҳрланган конвертда (А4 формат) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100163, Тошкент шаҳри Ислом Каримов кўчаси, 43-уй.

Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fundngo.uz расмий веб-сайтида танишиш мумкин. 

Маълумот учун телефонлар: (0-371) 239-26-76, 239-26-86.

 

ЎзА