Давлат органларига йил охирига қадар бино ва иншоотларни таъмирлаш тақиқланди
Бу ҳақда “Бюджетлараро муносабатларни ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарорида белгилаб қўйилди.
Кеча, 15 апрель куни эълон қилинган мазкур ҳужжатда давлат органларига жорий йил якунигача ортиқча харажат қилиш тақиқлаш кўзда тутилган.
Қарорга мувофиқ, давлат органлари жорий йил якунигача асосий воситаларни харид қилиши ҳамда бино ва иншоотларни таъмирлаши тақиқланди (мактаблар, боғчалар, тиббиёт ва тиббий-ижтимоий муассасалари, меҳрибонлик уйлари мустасно).
Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблашда миноралар, кўприклар (эстакадалар), резервуарлар (ўт ўчириш иншоотлари, цистерналар), бостирмалар, шийпонлар, бетон майдонлар ва деворлар (бордюрлар) солиқ базаси сифатида кўрилмайди.
Шунингдек, 2022 йил 1 майдан давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларидан Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратмалар қилиш тўхтатилади.
2022 йил апрель-декабрь ойларида давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига келиб тушган маблағларнинг ҳамда жамғармадаги бўш турган пулларни банкка жойлаштириш орқали олинадиган даромадларнинг 15 фоизи республика бюджетига ўтказилади.
Аввалроқ, давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлаш;
бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқланганди.