Давлат харидлари соҳасидаги шикоятлар адолатли кўриб чиқилади
Бунда энг аввало, 2018 йил 9 апрелда қабул қилинган "Давлат харидлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, авваллари меъёрий ҳужжатларда ҳуқуқий асос аниқ, уйғун, тўлиқ акс эттирилмаган ёки мувофиқлаштирилмаган эди. Бу эса кўпгина қарама-қаршиликларнинг вужудга келишига сабаб бўлар ва бу жараёнда давлат харидлари бозорининг жозибадорлиги ва рақобатдошлиги кўринмас эди. Қонуннинг қабул қилиниши юқорида таъкидланган муаммоларга чек қўйди.
Ушбу қонуннинг 11-бобида давлат харидлари соҳасида юзага келаётган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби алоҳида белгиланган. Давлат харидлари иштирокчилари томонидан келиб тушган шикоятларни адолатли, тезкор ва самарали кўриб чиқиш мақсадида доимий равишда фаолият кўрсатадиган давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилган. Комиссия фаолиятини тартибга солувчи "Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланган ва Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 14 майда давлат рўйхатига олинган.
Мазкур низомга мувофиқ, шикоят комиссияга ёзма шаклда ёки ўзининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда юборилиши, давлат харидлари назоратини амалга оширувчи шахсларнинг шикоятлари эса оператор сайти орқали юборилиши мумкин. Комиссия шикоятни кўриб чиқишда иштирок этадиган шахсларни махсус ахборот портали орқали йиғилиш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиши, агар белгиланган вақтда тарафлар мажлисда қатнашмаса, шикоят уларнинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.
Комиссия шикоят келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида бу ҳақда давлат буюртмачисини хабардор қилиши ва харид қилиш тартиб-таомилини ўн кунгача бўлган умумий муддатга тўхтатиб туриши мумкин. Комиссия давлат харидлари тўғрисидаги шикоятни олган кунидан эътиборан етти иш куни ичида кўриб чиқади ва қарор чиқаради.
Шикоят бўйича қарор комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Комиссия янги очилган ҳолатлар асосида аввал қабул қилинган қарорларини қайта кўриб чиқиши мумкин. Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари тарафлар учун бажарилиши мажбурийдир.
Машариф АБДУҒАНИЕВ,
вилоят адлия бошқармаси катта
маслаҳатчиси.