Давр фидойилари: уч йўналишни уддалаётган инсон

Эркин Нурбоевни фақат тажрибали жарроҳ, дейиш унга нисбатан адолатсизлик бўлади. Тўғри, унинг шифокор сифатида 30 йилдан кўп меҳнат стажи бор. Лекин кейинги 10 йиллик фаолияти унинг янги қирраларини кашф қилди.

Шу даврда у тумандаги ўрта тиббиёт ходимлари тайёрловчи техникумга директорликка тайинланди. Жамоатчилик эса халқ депутатлари туман Кенгашидаги вакили бўлишига ишонч билдирди.

Ортиқча таъриф, тавсифга ўрин йўқ. Зотан, у юклатилган вазифани уддалай олмаганида, сайловчиларнинг ишончини оқламаганида шу тарзда давом этмаслигини ҳамма яхши билади. Э.Нурбоев айни пайтда вилоят Кенгаши депутати сифатида ҳам кўпчиликка ибрат бўляпти. Асосийси, ёши етмишга яқинлашаётган Э.Нурбоев халқ ноиблигида ҳам, педагоглик ва шу билан бирга шифокорлик борасида унча-мунча ёшлардан фаол.

- Масъулият юки ажиб нарса, - дейди Э.Нурбоев. – У тўхтаб қолмасликка мажбур қилади, давр билан ҳамоҳанг бўлишга, жамоатчиликнинг дарди билан яшашга ундайди. Шу маънода биз тайёрлаётган ўрта тиббиёт ходимлари фақат беморларни парвариш қиладиган, уларнинг ҳароратини ўлчайдиган эмас, балки билим ва малакаси юқори, шифокорлардан асло қолишмайдиган масъулиятли мутахассислар бўлишига интиламиз.

Инсон феъли шундай: қайси бир касб эгасининг ютуқларини кўрса ё эшитса, ўша инсоннинг изидан боришга ҳавасманд бўлади. Э.Нурбоевнинг муваффақиятлари сабаб жарроҳ бўлиш, педагогика йўналишини танлаш, депутат сифатида элга хизмат қилишни истаётганлар вилоятимизда истаганча топилади.