Деҳқончиликни билганга ер берилади

Президентимизнинг 2020 йил 1 майда “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Ушбу қарор асосида вилоятда қишлоқ хўжалиги ресурслари ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришни икки баробарга кўпайтириш, юқори ҳосил олиш, соҳада янги иш ўринларини яратиш ва манфаатдорликни ошириш борасида замонавий ёндашувни жорий этиш мақсадида вилоят ҳокимининг қарори эълон қилинди.

Эндиликда вилоятда фойдаланишдан чиқарилган ва ер ости сувлари захираси мавжуд бўлган 32 минг гектардан ортиқ ер майдони қайта ўзлаштирилади. Туманлар ҳокимликлари қудуқ қазиш, суғориш тармоқларини тиклаш орқали майдонларни сув билан таъминлаш, электр энергиясини тортиш, сув тежовчи технологияларни ўрнатувчи пудратчи ташкилотларни танлов асосида аниқлайди. Фойдаланишга киритилган ер майдонлари деҳқончиликни биладиган, кам таъминланган оилаларга 1 гектаргача деҳқон хўжалигини юритиши учун, 5 гектаргача ер майдонини ижарага бериш ёки тажриба-синов тариқасида тадбиркорларга барча харажатларни олдиндан тўлаш шарти билан 10 йилгача ижара ҳуқуқини электрон аукцион орқали сотилади. Ижарага олинган ер майдонларида енгил конструкцияли дала шийпонлари қуриш мумкин бўлади. Фойдаланишга киритилган ерларнинг яхлитлиги, бир маҳсулотга ихтисослашиши, мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялар орқали уруғлик, кўчатлар етказиш, маҳсулотни реализация қилишда кўмаклашилади.

Шунингдек, ишлаб чиқилган “йўл харитаси”га асосан лалми ерларни ўзлаштириб, сув тежовчи технологияларни жорий этган ҳолда йил якунигача ҳар бир вилоятда 6 минг бош наслли қорамол тайёрлаш чоралари кўрилади. Интенсив усулни жорий қилган ҳолда балиқ ишлаб чиқариш ҳажмини 15 минг тоннагача етказилади, ҳар бир ҳудудда битта туман балиқчиликка ихтисослашади. Ҳар бир маҳаллада ноозиқ-овқат маҳсулотларининг кўчма савдоси, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 5 та туманда махсус ўғит сотиш дўконлари ташкил этилади.