Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Деҳқончилик учун ижарага 10 сотихдан 1 гектаргача ер олиш мумкин

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 ноябрда қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш масалаларига бағишлаб ўтказган йиғилишидан кейин одамлар бу ер майдонларини қачон, қай тартибда, қанча ижара тўлови билан олиш мумкин, деган саволлар туғилди.

Бунга жавоб Президентнинг 2021 йил 23 ноябрда қабул қилган “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорида айтилган.

Қарорга асосан фермерлар ва кластерларнинг паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдони 2022-2025 йилларда захирага қайтарилади. Бу ерларда полиз-сабзавотчилик, дуккакли, мойли экинлар ва картошка етиштириш учун фуқароларга 10 сотихдан 1 гектаргача электрон танлов орқали ижарага берилади.

Ижарага беришда деҳқончиликда яхши натижаларга эришган, мутахассисликка эга, “дафтар”ларга киритилган эҳтиёжманд оилаларга устунлик берилади.

100 миллион доллар пул банкларга миллий валютада 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилга 10 фоиз ставкада жойлаштирилади.

Деҳқон ва фермерларга 100 миллион сўмгача 14 фоиз ставкада, кичик интенсив боғ ва узумчиликка 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилга, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка ва сабзавотчиликка 3 ойгача имтиёзли давр билан 2 йилгача кредитлар ажратилади.

Ажратиладиган кредитлар уни олишни истовчиларга янги жорий этилаётган ҳоким ёрдамчиларининг ёзма тавсиясига асосан берилади.