Депутат анкетаси: Депутатдан талаб қилинадигани – фаоллик

1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?

Округ ҳудудидаги Зарафшон маҳалласи Найман қишлоғида жорий йил давлат дастури асосида капитал маблағлар ҳисобидан 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилмоқда. Лойиҳа қиймати 3 миллиард 69 миллион сўм бўлган мазкур объект бош пудратчи “Қурилиш Шамс” корхонаси томонидан бунёд этилмоқда. Қурилиш жараёнини депутат сифатида кузатиб боряпман.
Бундан ташқари, ҳудудий инвестициялар ҳисобидан саноат соҳасида 155,1 миллиард сўмлик 8 лойиҳа, хизмат кўрсатиш соҳасида 29 миллиард сўмлик 7 лойиҳа, қишлоқ хўжалиги соҳасида 31 миллиард сўмлик 6 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши билан 649 та янги иш ўрини яратилади. Ҳозирча 7 лойиҳа амалга оширилиб, 55 кишининг бандлиги таъминланган.

2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

Округдаги 12 маҳаллада 9 минг 667 хонадон бўлиб, 40 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу хонадонларда яшовчи одамларнинг турмуш тарзи билан танишиш, муаммоларини ўрганиш ва ечим топиш мақсадида туман кенгаши депутатлари билан ҳамкорликда ишладик. Натижада кўмакка муҳтож 667 оила рўйхати шакллантирилиб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди. Бир нечта оилаларга томорқадан самарали фойдаланиши, иссиқхона ташкил этиши, паррандачилик, чорвачилик билан шуғулланиши учун амалий кўмак кўрсатилди.

Йил бошидан буён Қорамўйин, Бешбола, Сарой, Назар маҳаллаларида ва ҳудуддаги 49, 31, 26, 50-умумий ўрта таълим мактабларида учрашувлар ўтказдим. Бу тадбирларда сайловчиларим томонидан 40 дан ортиқ муаммолар айтилди. Мурожаатлар асосан болалар майдончалари ташкил этиш, электр энергиясидаги узилишлар, газ баллонларининг ўз вақтида алмаштирилмаётгани, йўлларнинг таъмирталаблиги, тоза ичимлик суви иншоотларининг ишдан чиққани, 31, 25 ва 32-мактабларда синфхоналар етишмаслиги, спорт заллари йўқлиги, мебель ва спорт жиҳозлари етишмаслиги билан боғлиқ бўлди. Ҳар бир масала бўйича ҳокимлик ва мутасадди идоралар билан ҳамкорликда зарур чораларни кўряпмиз.

Аҳоли билан доимий алоқада бўлиш учун округдаги ҳар бир маҳаллада телефон ҳамда телеграм рақамларим ҳақида эълонлар жойлаштирилган.

3. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.
Аҳоли билан учрашувлар, жойлардаги сайёр қабуллар чоғида кўтарилган масалалар юзасидан Жомбой тумани ҳокимлигига, туман тиббиёт бирлашмасига, “Сувоқова” ташкилоти, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати депутатлик сўровлари юбориб, жавоб олдим.

Жумладан, Қорамўйин қишлоғи аҳолиси ва ўқувчиларнинг ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ ҳудудидан ўтган Тошкент – Термиз магистралининг 49-умумий ўрта таълим мактаби олдида керакли йўл белгилари ўрнатиш ҳақидаги мурожаати асосида мутасадди идораларга депутатлик сўрови юборган эдим. Сўровга жавобан аҳолининг мурожаати қаноатлантирилди.

Бир неча йилдан буён фаолият олиб бораётган депутат сифатида айтишим мумкинки, айни пайтда сайловчиларнинг депутатга ишончи ҳар қачонгидан ошган, умиди катта. Шу билан бирга ҳокимлик ҳамда бошқа давлат органлари ҳам депутат ва унинг мурожаатларига аввалгидек беписанд эмас, масъулият билан қарамоқда. Депутатдан талаб қилинадигани – фаоллик, сайловчилар билан доимий алоқада бўлиш ва улар кўтараётган масалалар ечимига виждонан ёндашиш.

Ўктам САИДМУРОДОВ,
15-Деҳқонобод сайлов округидан Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.