Депутат анкетаси: Одамларда даромад олиш имкониятлари етарли бўлса жамиятдан ҳам, давлатдан ҳам рози бўлади
1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?
Округ ҳудудида жорий йилда умумий қиймати 40,9 миллиард сўмлик 6 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 137 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Хусусан, саноатда 29,4 миллиард сўмлик 3 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилган.
Айни пайтда Зарафшон маҳалласидаги “Бахт инвест ҳамкор текс” масъулияти чекланган жамияти томонидан 39 миллиард сўмлик аралаш ип-калава цехи лойиҳаси амалга оширилмоқда. 1 октябрда ишга тушадиган корхонада иш уч навбатда ташкил этилиб, 325 нафар хотин-қиз иш билан таъминланади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 11,5 миллиард сўмлик 3 та лойиҳа доирасида 22 та янги иш ўринлари яратилади. Бугунги кунгача “Тараққиёт” фермер хўжалиги томонидан қиймати 250 миллион сўмлик балиқчиликни ривожлантириш лойиҳаси ишга туширилди.
Шунингдек, Ҳолвойи маҳалласи ҳудудида 28-сонли мактабгача таълим ташкилотининг замонавий биносини қуриш ишлари давом этмоқда. Каттақишлоқ маҳалласида қурилаётган уй-жойларнинг пойдевори тикланиб, ғишт териш ишлари бошланган, Шодлик маҳалласидаги кўп қаватли тураржой биноларини пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?
Депутат халқ вакили сифатида ўз округида сайловчилар дардини, муаммоларини эшитиши, уларни ҳал этиш йўлларини кўриши зарур. Бугун энг муҳим масала пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш, одамларга янги даромад манбаларини яратишдан иборат.
Бу борада сайлов округи ҳудудида 2 мингдан ортиқ оилани камбағалликдан чиқариш, ижтимоий ҳимоялаш, иш билан таъминлаш борасида режалар белгиланган. Мисол учун, “Бир маҳалла-бир маҳсулот” тамойили асосида парранда гўштини етиштириш учун “Чилдир файз ИЧК” ишлаб чиқариш кооперацияси ташкил этилди. Кооперацияга 66,9 миллион сўм субсидия ҳамда 306 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилмоқда. Ажратилган 6 гектар ер майдонида полиз (қовун ва тарвуз) маҳсулотлари парваришлаш учун 2 та артезиан қудуғи ўрнатилди. Бу ерда 30 нафар ишсиз фуқаро (камбағал ва ёшлар) бандлиги таъминланди.
Сайловчилар билан охирги учрашув Тўққизбой маҳалласида ўтказилди. Тадбир давомида фуқароларга “Жомбой наслли парранда” масъулияти чекланган жамиятида етиштирилган жўжаларни кредит асосида тарқатиш, паррандачиликнинг афзалликлари тўғрисида тушунчалар бердик.
3. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.
Ўтган давр мобайнида сайловчилар мурожаатлари асосида 8 та депутатлик сўрови чиқарилиб, тегишли мутасадди ташкилотларнинг жавоб хатлари олинди. Кўтарилган муаммо ва масалалар туман доирасида ўз ечимини топмоқда. Хусусан, Жомбой туманидаги 20-мактаб олдидан ўтувчи ички йўлга ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл белгиси ҳамда светофор ўрнатиш масаласида фуқаролар томонидан мурожаат бўлган эди. Ушбу масала юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови чиқарилиши натижасида мактаб олдидан ўтувчи ички йўлга резина қопламали, тезликни секинлаштирувчи восита ва тўхтаб ўтиш белгилари ўрнатилди.
Ҳайдар ЎРОҚОВ,
16-Ҳолвойи сайлов округидан Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.