Дизайнер ўлими юзасидан расмий маълумот берилди
Кеча таниқли дизайнер Нариман Григорян ўлдириб кетилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Нариман Григорян жасади ижарада турган уйидан қотиллик аломатлари билан топилган, деб хабар берди Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов.
Маълум бўлишича, 2020 йил 14 январь куни соат 11:50 ларда Яшнобод тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Яшнобод туманида жойлашган хонадоннинг меҳмонхонасидан, ушбу хонадонда ижарада истиқомат қилиб келган 1985 йилда туғилган А.Н. (Нариман Григорян)нинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Яшнобод тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши Тошкент шаҳар прокуратураси иш юритувига олиниб, малакали терговчиларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда.
Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади.