Дизель ёқилғисининг 1 литри 10 минг сўм
Самарқандда “Евро-4” ва “Евро-5” маркали дизель сотилмайди. Фақат “ЭКО” маркали ёқилғидан фойдаланилади. Нарх нега ошиб бораётгани бўйича “Ўзбекнефтгаз” маълумот берди.
Хабарга кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси жаҳон биржаларидаги Brent нефти котировкаларига боғланган ҳолда шаклланган бошланғич нархларда биржа савдоларига қўйилмоқда.
Бу амалиёт Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 апрелдаги “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан йўлга қўйилгани айтилмоқда.
Хабарга кўра, ўтган ҳафтанинг душанба-жума, яъни 28 июнь-2 июль кунлари 1 баррель Brent нефтининг ўртача котировкаси – 76,20 долларни, бунда минимал кўрсаткич – 75,17 долларни, максимал кўрсаткич – 77,26 долларни ташкил этган.
Мазкур котировкалардан келиб чиқиб, ушбу даврда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан биржа савдоларига қўйилган автомобиль бензини ва дизель ёқилғисининг шаклланган бошланғич нархлари (1 тоннаси учун) қуйидагича бўлган:
Автомобиль бензини
Аи-80 маркали – ўртача 6 981,1 минг сўм (минимал – 6 925,7 минг сўм, максимал – 7 042,6 минг сўм);
Аи-91 маркали – ўртача 8 156,0 минг сўм (минимал – 8 089,9 минг сўм, максимал – 8 229,5 минг сўм);
Аи-92 маркали – ўртача 8 312,6 минг сўм (минимал – 8 245,2 минг сўм, максимал – 8 387,6 минг сўм);
Аи-95 маркали – ўртача 9 420,6 минг сўм (минимал – 9 342,4 минг сўм, максимал – 9 507,5 минг сўм);
Дизель ёқилғиси
ЭКО маркали – ўртача 9 726,1 минг сўм (минимал – 9 642,5 минг сўм, максимал – 9 818,9 минг сўм);
Евро-4 маркали – ўртача 9 888,3 минг сўм (минимал – 9 804,7 минг сўм, максимал – 9 981,1 минг сўм);
Евро-5 маркали – ўртача 10 096,7 минг сўм (минимал – 10 010,6 минг сўм, максимал – 10 192,5 минг сўм).
“Мароқанд нефтбаза” директори Анвар Икромовнинг айтишича, Самарқандда бюджет ва нобюджет ташкилотларига фақат “ЭКО” маркали дизель ёқилғиси етказиб берилади.