“Ўзбекнефтгаз” АЖ автобензин маҳсулотини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича расмий баёнот берди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, 2021 йилнинг 9 ойида 1 млн. 110,1 минг тонна суюқ углеводород қазиб чиқарилиши белгиланган. Амалда 1 млн. 148,1 минг тонна қазиб чиқарилган.

 

"Мос равишда жамият тасарруфидаги нефтни қайта ишлаш заводларида жорий йилнинг 9 ойида 992,3 минг тонна углеводород хомашёси қайта ишланиши белгиланган бўлса, амалда 1 млн. 223,8 минг тонна қайта ишланди.

 

Жорий йилнинг 9 ойида 815,5 минг тонна маҳаллий, 312,9 минг тонна импорт хомашёси қайта ишланди.

 

Шу билан бирга, жорий йилнинг 9 ойида 562,4 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилиши белгиланган бўлса, амалда 654,9 минг тонна ишлаб чиқарилди.

 

Маълумот учун: жорий йилнинг 9 ойида 524,6 минг тонна “Аи-80” русумли, 81,1 минг тонна “Аи-91”, 43,9 минг тонна “Аи-92”, 5,0 минг тонна “Аи-95”, 0,3 минг тонна “Аи-98” русумли автобензин ишлаб чиқарилди. 

 

Республикада Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига (2017 йил 14 ноябрдаги 913-сонли, 2019 йил 30 июлдаги 633-сонли, 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ–4664-сонли) асосан иқтисодиётни либераллаштириш ва маъмурий тартибга солишни қисқартириш, товарлар ва хизматлар бозорларида самарали рақобат муҳитини яратиш ҳамда нархларни бозор тамойиллари асосида шакллантиришга босқичма-босқич ўтиш бўйича қабул қилинган чоралар натижасида:

 

автомобиль бензини чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинди ва уни нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланди, жумладан:

 

– 2017 йил 15 ноябрдан бошлаб “Аи-92”, “Аи-93”, “Аи - 95” ва “Аи-98” маркали;

 

– 2019 йил 15 августдан бошлаб “Аи-91” маркали;

 

– 2020 йил 1 майдан бошлаб “Аи-80” маркали;

 

- автобензин нархларини Ҳукумат қарорлари билан белгилаш амалиётидан воз кечилди, соғлом рақобат муҳити шаклланди ва истеъмолчиларга сифатли маҳсулотлар етказиб бериш йўлга қўйилди;

 

- республикада Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидан ташқари биржа савдоларида 10 дан ортиқ сотувчи автобензин маҳсулотини таклиф этмоқда;

 

- ҳозирда республикада фаолият юритаётган 2 600 дан ортиқ автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) маҳаллий нефть маҳсулотлари билан бирга импорт автобензин маҳсулотлари ички бозорда реализация қилинмоқда.

 

Шунингдек, жаҳондаги етакчи нефть ва газ компаниялари каби “Ўзбекнефтгаз” АЖ углеводород хомашёсини қазиб чиқариш ва қайта ишлаш билан чегараланмасдан, ишлаб чиқарилган тайёр нефть маҳсулотларини, жумладан, автобензин маҳсулотини тасарруфдаги “UNG Рetro” МЧЖга тегишли 65 дан ортиқ АЁҚШлар орқали ўрнатилган тартибда юридик ва жисмоний шахсларга реализация қилмоқда.

 

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автобензиннинг асосий қисми, яъни 80,1 фоизи “Аи-80” маркали автобензин ҳисобланади.

 

Жаҳонда нефть котировкаси йил бошига нисбатан 1,7 баробарга ошишига қарамасдан “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Аи-80” автобензин нархини ички бозорга катта ҳажмда реализация (интервенция) қилиниши ҳисобига бир маромда ушлаб туришга эришилмоқда.

 

Маълумот учун: Brent маркали нефтнинг жаҳон биржаларидаги котировка нархи 1 баррели учун 83-85 АҚШ долларни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 1,7 баробарга ошган бўлса, тасарруфдаги АЁҚШ ларда 1 литр асосий ишлаб чиқариладиган “Аи-80” автобензини 5 900 сўм чакана нархда (Тошкент ш.) сотилмоқда ёки йил бошига нисбатан 1,15 баробарга ошди.

 

Шу билан бирга, ишлаб чиқарилаётган “Аи-91”, “Аи-92”, “Аи-95” маркали автобензинларнинг асосий ҳажми импорт хомашёсидан ишлаб чиқарилади ёки тайёр ҳолда бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб жаҳон котировкаларига боғланган ҳолда импорт қилинади. Шунинг учун, мазкур турдаги автобензин нархлари нисбатан юқорироқ", дейилади хабарда.