Дўконга ўғирликка тушган ургутлик ўсмир нега жиноят кўчасига кирди?
Фарзандни ёшлигидан қандай тарбияласак, шундай вояга етади. Бунда албатта, оила, маҳалла, жамиятдаги муҳит муҳим аҳамиятга эга. Ўзи, оиласи, халқи, маънавий илдизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола жиноят кўчасига кирмайди.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Ургут тумани судида кўрилган фарзанд тарбиясининг ўрни ва роли жамият ҳаётида ҳам нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини яққол исботлади. Негаки, судланувчи бор-йўғи 9-синф ўқувчиси. У жиноятни содир қилган куни эрталаб отасидан уриш эшитиб, уйдан чиқиб кетган.
Шу куни кечгача кўчада юрган. Кечки пайт уйга қайтишдан олдин маҳалладаги дўконга ўғирликка тушган. Нега?
Қорни оч ўсмир, озиқ-овқат дўконини “уриш” орқали эҳтиёжини қондиришни мақсад қилганди. У дўкон эшигини бузиб киргач, бир миллион сўмликдан сал кўпроқ маҳсулот олиб чиққан. Бу орада у дўкон ичидаги чарм курткани ҳам елкасига илиб олади. Тун ярми бўлишига қарамасдан озиқ-овқат маҳсулотларини ўртоғиникига олиб бориб, тановул қилган. Қарасаки, куртка ичида 100 доллар бўлган. Эртаси куни уни сўмга алмаштирмоқчи бўлганда, ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш Ургут тумани бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган.
Суд дўконга етказилган зарарни жиноятчи ўсмирнинг ота-онаси томонидан қопланганлигини инобатга олиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
У яшаб турган маҳалла фуқаролар йиғини раиси жиноятчи ўсмирга жамоатчи тарбиячи этиб белгиланди.
Санжар ЭРГАШЕВ,
Ургут тумани прокуратураси катта терговчиси.