ДТМ: Белгиланмаган тест топшириғи учун балл берилиши натижа хато ҳисобланганлигини англатмайди

Давлат тест маркази маълум қилишича, ўтказиладиган тест синовларида талабгорларда тест топшириғига нисбатан бирор эътироз мавжуд бўлса, ўз эътирозини ёзиб бериш учун эътирозлар бланкаси жорий этилган бўлиб, мазкур бланка олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида ҳам қўлланилади.

Бунда абитуриент унга берилган тест топшириғида бирор хатолик мавжуд деб ҳисобласа, мазкур тест топшириғи юзасидан ўз эътирозини бланкага ёзиб беради.

Билдирилган эътирозлар фан мутахассислари томонидан кўриб чиқилади ва агар ўринли бўлса, мазкур тест топшириғи тушган барча абитуриентларга (абитуриент эътирозлар бланкасига ёзмаган бўлса ҳам) ушбу тест топшириғи учун тегишли балл берилади.

Бунда абитуриент мазкур тест топшириғига жавоб белгилаган ёки белгиламаганлигининг аҳамияти йўқ. Яъни, абитуриентнинг эътирози асосли бўлса, у жавоблар варақасига белгилаган бўлса ҳам, белгиламаган бўлса ҳам унга мазкур тест топшириғи учун тегишли балл берилади.

Агар абитуриентнинг эътирози асоссиз бўлса, абитуриентнинг эътирози инобатга олинмайди ва тест топшириқлари абитуриент жавоблар варақасига белгилаган жавоблар асосида текширилади.