Дунё воқеалари қисқа сатрларда: "Нетаньяху даври" тугаши башорат қилинди. Жанубий Кореянинг машҳур мусиқачилари армияга отланди. Беларусда бойлик солиғи жорий этилди

🔻 ҲАМАС қўшинларини шай ҳолатга келтирди. Узайтирилган сулҳ бугун эрталаб соат 7:00 да тугади. Томонлар янги узайтириш бўйича келиша олгани ҳақида хабар бўлмади. Навбатдаги гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар давом этар экан, ҳарбий ҳаракатлардаги оператив пауза давом этиши айтилмоқда.

🔻 Ноқулай об-ҳаво туфайли Внуково, Домодедово ва Шереметевода камида рейслар кечиктирилган ва 6 таси бекор қилинган.

🔻 Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси мактаб ўқувчиларига дарс вақтида телефондан фойдаланишни тақиқловчи қонунни қабул қилди. Шунга ўхшаш қонун лойиҳаси ҳозир Россияда кўриб чиқилмоқда.

🔻 Қатарга расмий ташриф билан келган Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер "Ҳамад" аэропортида кутиб олинмади. Дипломатлар уни олиб кетишлари учун президент тахминан 30 дақиқа кутишига тўғри келган.

🔻 Байден Си Цзинпинни таниқли хитойлик сиёсатчи Денг Сяопин билан чалкаштириб юборди. Аввалроқ Байден АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампни адашиб конгрессмен деб атаган эди.

🔻 АҚШнинг собиқ давлат котиби Генри Киссинжер 100 ёшида вафот этди. Американинг буюк давлат арбобларидан бири - доктор Киссинжер ақлли ва айёр, муносабатлар ўрнатишга уста бўлган дипломатиянинг ҳақиқий афсонаси эди. Г.Киссинжер Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказнинг фахрий аъзоси бўлган ва Марказнинг махсус олтин медали билан тақдирланган.

🔻 Германия полицияси келиб чиқиши афғон бўлган 15 ёшли ўсмир ва 16 ёшли Россия фуқаросини Кёльнда теракт тайёрлаганликда гумон қилиб, ҳибсга олди.

🔻 Франция меҳнат, тўлиқ бандлик ва интеграция вазири Оливье Дюсо қариндош-уруғчилик ҳолати бўйича, тендер коррупциясида айбланмоқда, у 10 ойлик шартли қамоқ ва 15 минг евро миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

🔻 Украина аҳолисининг президент Владимир Зеленскийга ишончи пасайган. Сўровларга кўра, ноябрь ойи ўрталарида президент Зеленскийга бўлган ишонч 32 фоизга тушиб кетган, бу Залужнийнинг (70 фоиз) ярмини ташкил этади. Украина разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг рейтинги ҳам президентдан юқори (45 фоиз).

🔻 Россия Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига аъзо давлатларнинг 28-конференциясида бўлиб ўтган овоз бериш натижаларига кўра, Россия Кимёвий Қуролларни тақиқлаш ташкилоти кенгашидаги ўрнини йўқотган. Литва, Польша ва Украина Шарқий Европа гуруҳидан ташкилот Ижроия кенгашидаги ўринларни олган.

🔻 Беларусда прогрессив солиққа тортиш тизими жорий этилди. Энди "бойлик солиғи" тахминан 8-9 минг кишига таъсир қилади. Шунингдек, йилига 25 миллион рублдан ортиқ фойда олишда даромад солиғи ставкаларини 25 фоизга ошириш ниятида. Ҳозирда бу солиқ 20 фоизни ташкил этади.

🔻 Бош вазир Бенямин Нетаньяху бошчилигидаги ҳозирги Исроил ҳукумати Яқин Шарқдаги можаро тугаганидан кейин ўз аҳамиятини йўқотади. Бу фикрни Исроил ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Ципи Ливни билдирди. Ҳозирги ҳукумат Исроилга хавфсизликни таъминламаган, фақат "шиорлар ва бўлиниш" билан шуғулланган. "7 октябрдаги даҳшатли воқеалар барчамиз бир қайиқда эканлигимизни кўрсатди: яҳудийлар, друзлар, бадавийлар, исроиллик араблар. Бу келажакда мустақил Исроил давлати учун янги умумий асос топиш имкониятини бериши мумкин. Бунинг учун биз фаластинликлар билан икки давлат ечими шаклида сулҳ тузишимиз керак", дея қўшимча қилди Ливни.

🔻 Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Ташқи ишлар вазирларининг Македония пойтахти Скопедаги йиғилишига келди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен йиғилишни Лавров келишидан олдин тарк этган.

🔻 Миллионлаб қизларнинг севимли мусиқачилари армияга отланмоқда. BTS кей-поп гуруҳининг қолган тўрт нафар аъзоси йил охиригача Жанубий Корея армиясида хизмат қила бошлайди. Жамоанинг яна уч нафар аъзоси аллақачон ҳарбий хизматни ўтамоқда.

Г.Холдорова тайёрлади.